05.11.2024 18:14

Шимолий Корея Россияга қўшин жўнатди. Уруш Осиёга кўчадими?

Шимолий Кореянинг Россияга ҳарбий ёрдами ҳақидаги таҳлиллар халқаро нашрларнинг асосий саҳифаларидан жой олиб улгурди. Ғарб санкциялари ва халқаро изоляция шароитида бу икки авторитар бошқарувдаги давлатнинг ҳамкорликни кучайтириши кўпчиликнинг эътиборини тортди.

27 октябрь куни Пентагон КХДР рус ҳарбийлари билан бирга жанг қилиш учун 10 мингдан ортиқ аскарларини жўнатганини тасдиқлади. Ғарб расмийларига кўра, корейсларнинг бир қисми аллақачон Украина шарқида жойлашган Россия назорати остидаги ҳудудларга етиб борган. Қолгани эса тўғридан-тўғри Россиянинг Курск вилоятига йўл олиши кўзда тутилган.

КХДР ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хи Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда “Украинадаги операция аввалиданоқ давлат раиси Ким Чен Ин Россияни “муқаддас урушда” қўллаб-қувватлаш ҳақида кўрсатма бергани”ни айтган бўлса-да, халқаро сиёсатда ҳар қандай алоқалар маълум манфаатлар эвазига йўлга қўйилишини унутмаслик зарур.

The Korea Herald нашрининг ёзишича, Москва Украинадаги босқинига ҳисса қўшгани учун Пхеньянга компенсация тўлайди. Россия КХДРга 600 минг тоннадан 700 минг тоннагача гуруч таклиф қилмоқда, дея тушунтирган бир неча кун аввал парламент разведка қўмитасида бўлиб ўтган брифингда Жанубий Корея Миллий разведка хизмати (NIS) маълумотлари билан танишган Ви Сон Лак. Илгари Москва Пхеньянга вақти-вақти билан 50-100 минг тонна гуруч жўнатган, дейди собиқ дипломат.

30 октябрь куни CNN номи ошкор этилмаган америкалик расмийларга таяниб, Қўшма Штатлар Хитойдан КХДРга босим ўтказишни сўраганини маълум қилганди. Бироқ Хитой Россия ва КХДР ўртасидаги “муносабатлар”ни “уларнинг шахсий иши” деб атаган.

“Россия ва КХДР икки мустақил ва суверен давлатдир ва икки томонлама муносабатларни ривожлантириш фақат шу икки давлатнинг иши”, деган Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жианг 1 ноябрь куни Пекиндаги брифингда.

Аслида Россия-Шимолий Корея муносабатлари янгилик эмас: яқин алоқалар Совет Иттифоқининг Шимолий Кореяни коммунистик давлат сифатида ташкил этилишини қўллаб-қувватлаган вақтларга бориб тақалади.

Россиянинг Украинага босқини аввалида имзоланган Москва ва Пхеньян ўртасидаги норасмий келишув жорий йилнинг октябрь ойида кенг қамровли стратегик шерикликка айланди. Унга кўра, ҳар икки давлат таҳдид туғилган тақдирда бир-бирига ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Баъзи таҳлилчилар буни “икки режимнинг АҚШ бошчилигидаги санкциялар тизимига қарши иттифоқи” деб атади.

Бундан ташқари, ушбу шериклик Шимолий Кореянинг ўқ-дориларини Россия технологияси ва иқтисодий ресурсларига айирбошлашга асослангани билан ҳам аҳамиятлидир. Жумладан, Пхеньяннинг минглаб снарядлари ва ўқ-дориларини қабул қилган Москва Украинадаги артиллерия операцияларини қўллаб-қувватлаш учун жуда зарур бўлган таъминотни қўлга киритмоқда.

Маълумотларга кўра, Россияда Шимолий Корея қўшинларининг мавжудлиги рус ҳарбийларига бириктирилган техниклар ва ҳарбий муҳандисларни ўз ичига олади. Уларнинг иштироки Россия қўшинларини фронтдаги хизматдан озод этиши мумкин.

Бунинг эвазига Шимолий Корея жуда зарур бўлган маблағларни ва эҳтимол, ўзининг баллистик ракеталарини такомиллаштириш ҳамда ядровий имкониятларини кенгайтириши мумкин бўлган илғор қурол технологиялари бўйича Россиянинг тажрибасини қўлга киритиши мумкин. Бу соҳалар Ким Чен Иннинг ташқи таҳдидлардан ҳимояланишини кучайтиришга интилаётган режими учун жуда муҳимдир.

Россия-Шимолий Корея ҳамкорлигининг кучайиши, табиийки, Евро-Атлантикадан ташқарида ҳам шов-шувга сабаб бўлди. Гап шундаки, бунинг ортидан Осиё-Тинч океани минтақасида АҚШнинг Жанубий Корея, Япония каби иттифоқчилари янги қурол-яроғ ва тажрибага эга Шимолий Корея билан юзлашиши мумкин.

Шу боис ҳам Сеул ҳамкорликни очиқчасига қоралади. Корея Республикаси разведка идоралари Россия объектларидаги Шимолий Корея қўшинининг сунъий йўлдош тасвирларини тарқатди. Жанубий Корея Украинадаги шимол аскарларини кузатиш учун гуруҳ юборишини эълон қилди ва шу билан бирга, Жанубий Кореянинг АҚШ бошчилигидаги дунё тартибига содиқлигини эътироф этди.

Шимолий Корея эса Япон денгизи томон ракеталар учиришдан тўхтамаяпти. 5 ноябрь куни ҳам Япония Мудофаа вазирлиги КХДР ушбу йўналишда бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирганини маълум қилди.

Расмий Токио бу “ҳаракатлар Япония, минтақа ва халқаро ҳамжамиятнинг тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солиши, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюцияларини бузиши”ни таъкидлади.

Мутахассислар халқаро баллистик ракеталарни учириш билан Шимолий Корея иккита нарсани мақсад қилганини айтяпти. Биринчиси – АҚШ сайловлари олдидан ядровий салоҳиятни намойиш этиш. Иккинчиси – КХДРнинг Россияга қўшин юборгани фаол муҳокама қилинаётганда эътиборни бошқа тарафга қаратиш.

Олдинроқ, 31 октябрь куни ҳам шимолликлар Hwasong-19 қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказганди. Ракета 7000 километр баландликка кўтарилган ва унинг учиш масофаси 1000 километрни ташкил этган. Ракета денгизга тушган. КХДР, Жанубий Корея ва Япония маълумотларига кўра, бу ракета Шимолий Кореянинг олдинги ҳар қандай ракетасига қараганда баландроқ учган.

Айтиш жоизки, Россия учун Шимолий Кореянинг ёрдами санкциялар шароитида муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга Европадан бошланган урушни Осиёга ҳам кўчириши мумкин.

Ушбу Россия-Корея иттифоқи Осиё-Тинч океани минтақасидаги манфаатдор томонлар, айниқса, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея учун таҳдид сигналини бермоқда: улар бунга жавобан қўшма ҳарбий позицияларини кучайтиришяпти.

Вашингтоннинг ушбу ҳамкорликка “сезиларли эскалация” ўлароқ қараши Вашингтон Москва ва Пхеньянга қарши кучлироқ жавоб бериши мумкинлигини кўрсатяпти.

Гарчи бу ҳамкорлик ҳали Совуқ уруш давридаги иттифоқлар даражасига етмаган бўлса-да, у рамзийликдан амалий ҳамкорликка ўтди ва Ғарбнинг дунёдаги таъсир доирасига хавф туғдиради.

Жонатан Фентон-Ҳарви, сиёсий тадқиқотчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.