16.07.2025 09:44
266

Покистонда йиғилган мусулмон раҳбарлари нега бирин-кетин ўлдирилди?

1974 йил февраль ойида Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг иккинчи саммити бўлиб ўтди: бу тарихий учрашувда 35 дан ортиқ мусулмон давлатлари раҳбарлари иштирок этди. Бу Ислом оламида камдан-кам кузатиладиган бирдамлик лаҳзаси эди. 1973 йилги араб-исроил уруши, энергетика инқирози ва Ғарб мустамлакачилик таъсирининг сусайиши шароитида мусулмон дунёси ўзини мустақил, кучли ва цивилизацион куч сифатида намоён этишга уриниб кўрди.

Саммит ташаббускори – Покистон бош вазири Зулфиқор Али Бҳутто эди. Ушбу саммит бир қанча сабабларга кўра тарихий аҳамиятга эга бўлди:

Покистон Бангладешни расман тан олди, натижада шайх Мужибур Раҳмон ҳам саммитда иштирок этиш имконига эга бўлди. Бу Жанубий Осиёдаги муносабатларни нормаллаштириш сари қадам бўлди.

Фаластин озодлик ташкилоти Ёсир Арофат раҳбарлигида Фаластин халқининг ягона қонуний вакили сифатида тан олинди.

Ислом тараққиёт банкини тузиш, фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда энергетика сиёсатида ягона стратегия ишлаб чиқиш таклиф этилди. Яъни нефтни Ғарбга босим воситаси сифатида ишлатиш ғояси илгари сурилди.

Бу – ислом оламининг сиёсий, иқтисодий ва идеологик мустақиллик сари ташлаган дастлабки қадамларидан бири эди.

Аммо айнан шу лаҳзадан сўнг бирин-кетин фожиалар тўлқини бошланди. Лаҳор саммитида иштирок этган кўплаб етакчилар тажовуз, зўравонлик қурбони бўлишди ёки сирли ҳолатда ўлдирилди. Кейинчалик бу воқеалар "Лаҳор лаънати" номи билан машҳур бўлиб кетди. 

Тарихий маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак:

  • Шайх Мужибур Раҳмон 1975 йил августда ҳарбий тўнтариш натижасида бутун оиласи билан бирга қатл этилди.
  • Зулфиқор Али Бҳутто 1979 йилда ҳарбий режим томонидан театрлаштирилган суд ҳукми орқали осиб ўлдирилди.
  • Миср президенти Анвар Садат 1981 йилда ҳарбий парад пайтида ўз аскарлари томонидан отиб ўлдирилди.
  • Ёсир Арофат 2004 йилда расман инсультдан вафот этгани эълон қилинди, аммо кўпчилик уни заҳарланган, деб ҳисоблайди.
  • Муаммар Қаддофий 2011 йилда НАТОнинг мустақил мамлакат ички ишларига аралашуви ортидан қўлга олиниб, шафқатсизларча ўлдирилди.
  • Саудия Арабистони подшоҳи Файсал 1975 йилда ўз амакиваччаси томонидан отиб ўлдирилди – бу унинг АҚШга қарши нефть эмбаргосини бошлаганидан сўнг содир бўлди.

Буларнинг барчаси тасодифмиди? Ёки Ислом оламини бирлаштириш ва мустамлакачилар чангалидан қутқаришга уриниши учун тўланган оғир бадалми? 

1974 йилги Лаҳор саммити Ислом дунёси тарихида бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин эди. Аммо у тарихий имконият эмас, балки оғир оқибатлари билан ёдда қолган воқеага айланди. Илк исломий бирлик ҳаракати нефть, молия ва ҳарбий кучлар билан қуролланган глобал гегемонлар томонидан йўқ қилинди. Ҳар бир мустақил фикрловчи етакчи жаҳон сиёсий саҳнасидан йўқотилди. Лаҳор саммити мусулмон дунёси учун йўқолган имконият рамзига айланди. Бу эса мусулмонларнинг бирлашиши ҳозирги глобал тартибот эгалари учун энг катта таҳдид ҳисобланишини англатади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.