15.03.2025 16:20
210

Исломофобияга қарши кураш: ҳаммасига Трамп айбдорми?

АҚШ президенти Доналд Трампнинг қайта сайланиши дунёда исломофобиянинг кучайишига сабаб бўлган биргина ҳодиса эмас, балки ислом душманлари томонидан шу пайтгача амалга оширилган ишларнинг натижасидир. Ўнлаб йиллар давомида жамоатчиликка таъсир кўрсатган маълум шахслар, сиёсатчилар, таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари исломофобиянинг тарқалиши ва чуқур илдиз отишига ҳисса қўшди. Исломофобиянинг одатий ҳолга айланиши, ўнг қанот экстремистик ғояларнинг асосий сиёсий оқимга кириб келишига йўл очди. Бир вақтлар фақат ўнг қанот экстремистик гуруҳларга хос бўлган фикрлар энди Ғарб ҳукуматлари учун одатий ҳолга айланди. Бундан ташқари, исломофобиянинг кучайиши фақат ўнг қанот партияларининг сайловдаги муваффақияти билан чекланиб қолмади; бошқа партиялар ҳам бу жараёнга маълум миқдорда ўз ҳиссасини қўшди.

2024 йил ёзида, Трамп қайта сайланишидан олдин, Буюк Британияда йирик исломофобик ҳужумлар юз берди. Зўравонлик ҳаракатлари "бир мусулмон қочқин уч нафар ёш қизни ўлдиргани" ҳақидаги асоссиз миш-миш тарқатилганидан сўнг авж олди. Масжидлар ҳужумга учради, мусулмонлар кўчада жисмоний зўравонликларга дучор бўлди, қочқинлар ётоқхонаси эса ёқиб юборилди. Шу пайтгача кўпчилик Британияни Ғарбдаги мусулмонлар учун нисбатан хавфсиз мамлакат деб ҳисоблашарди. Сўнгги воқеалар эса бундай фикрда юрганларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилди. 

Кейинчалик мусулмонларга қарши фитнага сабаб бўлган ёлғоннинг миси чиқди: қизчаларнинг қотили ҳеч қандай қочқин ҳам, мусулмон ҳам эмас, аксинча британиялик насроний бўлиб чиқди. Афсус энди воқеаларни ортга қайтаришнинг имкони йўқ эди: бу билан минтақада исломофобиянинг қай даражада экани ошкор бўлиб қолди.

Исломофобия фақат алоҳида шахслар ёки ўнг қанот экстремистик гуруҳлар тарғиб қиладиган ҳодиса эмас. ОАВ эгаларидан тортиб, технология миллиардерлари ва ўнг қанот сиёсатчиларигача бу жараённинг сабабчилари саналади. Ишғол остидаги Фаластинда ва Ҳиндистонда уйларнинг бузилиши, Хитойда масжидлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши, Қуръоннинг ёқилиши, азоннинг тақиқланиши, мусулмон ва номусулмон давлатларда ҳижоб кийган аёлларга қарши зўравонликлар – бу тизимли муаммонинг акс-садолари ҳисобланади.

Трампнинг қайта сайланиши эса ушбу муаммони ҳал қилиш учун қандай қадам қўйиш кераклигини янада аниқроқ кўрсатди. Ғазода содир бўлаётган воқеалардан сўнг, ҳатто энг бефарқ кузатувчилар ҳам АҚШ ва Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоячилари эмаслигини тушуниб етишди. Трампнинг иккинчи муддати, ўнг қанот экстремизмининг барқарор йўналишга айланганини ва ўз-ўзидан йўқолмаслигини кўрсатди.

Исломофобия дунё бўйлаб этник миллатчиларни бирлаштирувчи элементга айланиб, апартеид ва геноцидни оқлайдиган воситага айланди. Шунингдек, бу ҳолат профессионал манипуляторларга журналист ёки ҳақиқатни тарғиб қилувчи ниқоби остида фаолият юритишлари учун муносиб замин яратди. Энди жоҳиллик ёки бефарқлик баҳона бўлолмайди. Исломофобия таърифи устидан чексиз баҳс-мунозаралар олиб бориш ўрнига, уни йўқ қилишга қаратилган аниқ ҳаракатларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

Исломофобиянинг мусулмонлар хатти-ҳаракатларига нисбатан хато реакция эканлиги ёки агар номусулмонлар Ислом ҳақиқатини англаб етса, бу муаммо йўқолиши ҳақидаги иддаолар мавжуд. Аммо Исломофобия – эътиқод масаласи эмас, балки мусулмон шахсиятига қарши қаратилган ирқчилик кўринишидир. Одамларнинг кийими, истеъмол қиладиган таоми, яшаш жойи ёки қўллаб-қувватлайдиган ғояси сабабли нишонга олиниши исломофобиянинг асосий механизмларидан биридир. Бу ерда шахснинг диндор мусулмон бўлиши ёки бўлмаслиги муҳим эмас. Чунки камситиш ҳаракатлари эътиқодни эмас, балки мусулмон шахсиятини нишонга олади.

Исломофобияга қарши глобал бирдамлик

Ҳозирда кенг кўламли жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияси зарур. Ушбу кампания исломофобиянинг эътиқод фарқлилиги эмас, балки ирқчиликнинг бир кўриниши эканлигини қабул қилиши ва унинг жамиятга таъсирига эътибор қаратиши лозим. Аммо Исломофобия давлат лойиҳаси эканини тан олмасдан туриб, бундай кампаниянинг муваффақиятли бўлиши имконсиз. Бугунги кунда кўпгина ҳукуматлар ва давлат институтлари исломофобияга қарши курашиш ўрнига, унинг тарқалишини қўллаб-қувватламоқда. Исломофобия нафақат Тель-Авив, Деҳли ёки Парижда давлат сиёсати сифатида намоён бўляпти, балки Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган айрим давлатлар ҳам унинг фаол тарғиботчилари қаторида турибди. 

Бу режимлар фақатгина исломофобик шахслар, жиноий гуруҳлар ва таҳлил марказларини молиялаштириш билан чекланмай, балки исломофоб етакчиларга платформа яратиб, бу сиёсатни давом эттириш учун махфий битимлар тузмоқда. Кўплаб мустабид раҳбарлар исломофобияга маблағ тикиш орқали Трамп каби лидерларнинг нишонига айланмаслик ва шу тариқа ўз ҳокимиятларини чексиз давом эттириш имкони деб ўйлашади.

Жамоат дипломатияси ва анъанавий дипломатик ҳаракатлар исломофобияга самарали қарши туриш учун ҳаётий аҳамиятга эга.

Бунинг учун мувофиқлаштирилган ёндашув ва халқаро исломофобияга қарши иттифоқ ташкил этилиши керак. Бундай иттифоқ инсон ҳуқуқлари ташкилотларини, оммавий ахборот тармоқларини, медиа тармоқлари, ижтимоий медиа платформаларини ва исломофобиянинг таҳдидларини тан оладиган ҳукуматларни бирлаштиради. Ушбу субъектларда биргаликда ҳаракат қилиш, жамоатчилик онгини ошириш, мазмунли сиёсий ўзгаришларни талаб қилиш ва Исломофобиянинг глобал даражада тарқалишига йўл очаётган тузумни бартараф қилиш имконияти мавжуд.

Исломофобияга қарши кураш фақат мусулмонларнинг эмас, балки барча инсонларнинг масъулияти ҳисобланади.

Ушбу кураш муваффақиятли бўлиши учун кенг қамровли, халқаро ҳамкорлик ва самарали стратегия зарур. Бу жараёнда энг муҳим жиҳат, қайси қадамлар ташланиши эмас, балки бу қадамларни ким ташлаши бўлади. Шу тариқа, кучли жамоавий ирода ёрдамида исломофобиянинг чуқур илдиз отган тузилмалари ларзага келтирилиши ва адолат тикланиши мумкин.

Салмон Саййид, Лидс университети академиги  

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.