27.09.2025 16:17
208
Дунё ҳамфикр бўлган уламони биз қадрлай оламизми?!
Бугун дунё диққат марказидаги асосий масала – босқинчи исроилнинг Фаластинда амалга ошираётган геноцидини тўхтатиш ҳамда жиноятчиларни адолатли суд қаршисида жавобгарликка тортишдир. Аллақачон турли давлатларда сионистларнинг ваҳшийликларига нисбатан жамоатчилик норозилиги юзага келиб, ҳали-ҳануз давом этаётган қатлиомни тўхтатиш учун ҳаракат бошланди. Жаҳон сиёсати майдонида геноцидга қарши иттифоқлар пайдо бўляпти.
Ўзбекистон ҳам Ғазодаги қирғинни тўхтатишга қаратилган чақириқларни расман қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бунинг очиқ ифодаси сифатида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридаги нутқини келтиришимиз мумкин. Президент: “Биз Ғазо ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни тугатишни, очлик ва ғайриинсоний шароитларда жабр чекаётганларга гуманитар ёрдам етказишдаги барча тўсиқларни олиб ташлашни ва БМТ резолюциялари асосида Фаластиннинг мустақил давлат мақомини эътироф этилишини қўллаб-қувватлаймиз”, деб таъкидлади.
Яъни халқаро арена исроилга қарши чора кўрилишини энди ошкора тарзда ифода қилиб, бу чақириқларнинг натижасиз бўлишини истамаяпти. Бунинг энг кескин кўриниши ҳам БМТда янгради. БМТ Бош Ассамблеясининг янги сессиясида Индонезия президенти Прабо Субианто геноцидга чек қўйилиши учун 20 минг сонли қўшинини Ғазога жўнатишга тайёр эканини билдирди. Бу истак бошқа давлатлар томонидан Индонезиянинг ташаббус эрки доирасида баҳоланди.
Индонезия ва БМТнинг ушбу тутуми ўзбекистонлик саноқли уламолардан бири Устоз Мубашшир Аҳмаднинг “Ғазо жиҳоди фатвоси”га берилган шарҳи нечоғлик дақиқ ва ўринли эканини кўрсатади.
Бугунги кунга келиб давлатлар исроил геноцидига қарши ҳар қандай ечимларни кўздан кечиришмоқда. Юқорида биз эслаб ўтган Халқаро мусулмон уламолари иттифоқининг фатвоси ҳамда Устознинг ушбу фатво бўйича шарҳи айнан БМТ томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган ҳар қандай ташаббусни тартибга солади.
Зеро, Мубашшир Аҳмад домла фатвони шарҳлаши аҳолининг ҳукуматлардан мустақил равишда ташаббус кўрсатиб, нотўғри ҳаракатлар содир этиб қўйишининг олдини олишга қаратилганди.
БМТнинг сўнгги мажлисларидаги кескин ўзгаришлар ҳамда исроил геноцидига бўлган халқаро қаршиликнинг кучайиб бораётгани ҳар тарафлама Мубашшир Аҳмад домланинг ўз шарҳида кўзда тутган мақсадини қўллаб-қувватлайди ва барчани бефарқ бўлмасликка ундайди.
Ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидаси бор. Туркиянинг ўз қонуни бор, Испаниянинг ўз қонуни бор. Лекин улар қандай кўринишда бўлмасин, бир мақсадга хизмат қилади: инсонларнинг фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаш, халқаро инсонпарварлик қоидаларига асосланиш, шу ватанда яшовчи ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби...
Бугун кўряпмизки, дунё Мубашшир Аҳмад билан ҳамфикр экан. Бутун дунё Устознинг Фаластиндаги геноцидга қарши билдирган шарҳларини қўллаб-қувватлаяпти, керак бўлса такрорлаяпти. Шундан келиб чиқсак, Устознинг Халқаро мусулмон уламолари иттифоқи томонидан эълон қилинган фатвони шарҳлаши, ушбу фатвонинг моҳияти ва мазмуни халқаро минбарларда айтилаётган сўзларга мос келиши Ўзбекистоннинг саноқли уламоларидан бирининг оқланишини талаб қилади.
Ҳукуматимиз ҳамда мамлакатимиз суди халқимизнинг ўз олимига бераётган кафиллигини инобатга олган ҳолда адолатли ҳукм ўқилишини таъминлайди ҳамда Устоз Мубашшир Аҳмаднинг элимиз юртимиз равнақи йўлидаги фидокорликларини муносиб баҳолайди деган умиддамиз.
Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ
Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ