03.11.2024 08:00

“Америка орзуси” ушалган мусулмонлар ўз қадриятларини қандай сақлаб қолишмоқда?

Араб ва мусулмон муҳожирлар ўз юртларини тарк этар экан, қалбларида порлоқ бир орзу билан Қўшма Штатлар томон йўл олишади. “Имкониятлар юрти”да улар ривожланган таълим тизими, даромадли иш ва фаровон ҳаётга эришишни мақсад қилишади. Аммо хилма-хиллик ва мультикултурализм (турли маданиятлар) мавжуд бўлган бу ўлкада муҳожирлар исломий қадриятлари ва одатлари билан янги ва бегона бир ҳаёт тарзи ўртасида мувозанат сақлашга мажбур бўлишади. Аслида ҳақиқий синов шу ердан бошланади. Хўш, мусулмонлар океан ортида динини сақлаб қола олишадими ёки интеграциялашув устун келадими?

Гап уларнинг фарзандларига келганда вазият янада мураккаблашишини ҳам айтиш жоиз. Айнан шу ерда хусусий мактаблар болаларни муҳофаза қилиш ва уларнинг жамиятга мослашувида ёрдамчи воситага айланади.

Америка конституцияси, диний эркинликни ва хусусий таълим объектларининг дахлсизлигини таъминлайди, шу жумладан, хусусий диний таълим мактабларини ташкил этишга рухсат беради. Исломий мактаблар давлат томонидан тасдиқланган илмий дастурни ўргатишга масъулдир. Фақат талаб қилинган академик стандартларга жавоб берган ҳолдагина улар мазкур ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин.

АҚШ Конституцияси дин эркинлигини ва хусусий диний таълим муассасаларини ташкил этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шунингдек, ота-оналарга фарзандлари учун мос таълимни, мисол учун, хусусий диний таълимни танлаш ҳуқуқини беради.

Қўшма Штатларда исломий мактабларнинг пайдо бўлиши, ўтган асрнинг 60 – 70-йилларига, мусулмон мамлакатлардан иммиграциянинг ортиши ва мусулмон жамоаларининг кенгайишига бориб тақалади. Айниқса, 1965 йилда “Ҳарт-Селлер” деб номланувчи иммиграция қонуни қабул қилинганидан кейин бундай мактабларнинг сони кўпайди.

Исломий мактаблардан энг қадимийси 60-йилларда асос солинган Нью-Йоркдаги “Sister Clara Muhammad” мактаблар тармоғи бўлиб, ушбу тармоқ Қўшма Штатлардаги хусусий диний мактаблар орасида академик ўқув дастурлари билан бир қаторда интеграциялашган исломий таълим бериш жараёнини олиб борган илк таълим даргоҳларидан эди.

Кейинчалик Американинг бошқа штатларида ҳам исломий мактаблар ташкил этилди. Уларда кўп сонли мусулмон оилаларнинг фарзандлари ўқимоқда. Ўз ўрнида савол пайдо бўлади: нега муҳожирлар фарзандларини хусусий мактабларга беришни маъқул кўряпти? Улар давлат мактабларидан нимаси билан ажралиб туради?

Al Jazeera телеканали журналисти ушбу саволлар билан айни дамда Америкада ҳаёт кечираётган ота-оналарга юзланди. Улар телеканалга фарзандларини исломий мактабларга юбориш сабабларини сўзлаб берди.

Наҳла Муҳаммаднинг айтишича, унинг оиласи аллақачон бу ҳақда бир қарорга келган эди. Ёш она қизини Америка давлат мактабидан Мичиган штатидаги ислом мактабига ўтказиш борасида иккиланмади. Бу даргоҳда 300 мингга яқин мусулмон болалар ўқиётган бўлиб, уларнинг ярми араб миллатига мансуб. Наҳланинг фикрича, масжидлар ва ислом марказлари томонидан Қуръон, эътиқод асослари ва араб тилини ўргатувчи шанба-якшанба курслари қизини тарбиялаш учун етарли эмас. Бундан ташқари, у она сифатида бошқа тушунчадаги болалар орасида фарзандининг тазйиқларга дуч келишини истамайди. Унга таниш оила қизларидан бири синфдошлари томонидан камситилишдан қўрқиб, онасидан машинасидан таралаётган Қуръон тиловати овозини пасайтиришни сўраган, яна бир қиз эса ўқувчилар уни масхара қилганидан кейин онасининг ҳижобидан уялишни бошлаган.

Яна бир воқеа: Калифорния штати қонунлари 12 ёшдан ошган мактаб ўқувчиларига ота-оналарининг розилигисиз ўз жинсларини ўзгартиришга рухсат беради. Шу билан бирга уларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилмаслигини кафолатлайди. Шу сабаб Ториқ исмли мусулмон муҳожир 2023 йилнинг ёзида оиласи билан Калифорниядан Флоридага кўчиб ўтади.

Калифорния Қўшма Штатлардаги энг катта мусулмон жамиятига эга бўлса-да, Ториқ ўз фарзандларининг соф эътиқодини сақлаб қолиши учун хавфсизроқ муҳитга олиб ўтишга қарор қилади.

Pew тадқиқот маркази маълумотларига кўра, Калифорнияда 1 миллионга яқин аҳолига хизмат қилувчи 30 га яқин исломий мактаблар мавжуд. Шунингдек, ўсмирлар ва ёшларнинг 69 фоизи (11-18 ёш оралиғидаги) бундай мактабларда ўзларини хавфсиз ҳис қилишади.

Телеканалнинг яна бир суҳбатдоши – Имонга келсак, у иккинчи авлод муҳожир: отаси 1970 йилларнинг охирида Ливандан Америкага кўчиб келган. Шунга қарамай, у исломий муҳитда болаларни тарбиялаш фикрини тўлиғича қўллаб-қувватлайди ва динини сақлаб қолиш Америка жамиятидан ажралиб қолиш дегани эмаслигини таъкидлайди.

Флорида – Қўшма Штатлардаги энг кўп исломий мактаблар ёки энг кўп мусулмон аҳолига эга ҳудуд бўлмаса-да, мусулмон муҳожирлар учун нисбатан афзалроқ жой ҳисобланади.

Бу штат 2020 йилдан буён иқтисодий имкониятлари, илиқ иқлими ва қулай солиқ сиёсати орқали хорижликларни ўзига жалб қилиб келади.

Ушбу штатдаги AYA мактаби – Қўшма Штатлардаги энг қадимги исломий мактаблардан биридир. Ушбу мактаб 1992 йилда мусулмон ёшларга араб тили ва диний фанларни ўргатиш учун ташкил этилган.

Мактаб ўз фаолиятини бир неча ўн йиллар аввал чекланган миқдордаги ўқувчилар билан бошлаган ва бугунги кунда у болалар боғчасидан тортиб то ўрта мактабгача турли таълим босқичларида 1200 нафар ўқувчини қамраб олади.

120 минг квадрат метр майдонда, замонавий услубда барпо этилган ушбу мактаб Флорида штатидаги Халқаро Бакалавр (IB) дастури томонидан аккредитация қилинган ягона исломий мактабдир.

AYA мактаби директори доктор Далал Қаҳҳуқнинг айтишича, ўқитувчиларнинг мақсади нафақат диний билим бериш, балки исломий қадриятлар ва эътиқод билан боғлиқ интеграциялашган таълим жараёни орқали талабанинг шахсий кўникмаларини ривожлантиришдир.

Мактабда ҳам АҚШ стандартларига, ҳамда халқаро стандартларга жавоб берувчи хизмат йўлга қўйилган. Маданий алмашинув тадбирларини ташкил этишдан ташқари, мактаб фан, технология, муҳандислик ва математикага қаратилган STEM дастурларини ҳам тақдим этади. Маъмурият талабалар кенгашида экскурциялар билан бирга турли мавзуларда баҳс-мунозаралар ўтказишни ҳам канда қилмайди.

“Биз спорт мусобақаларига алоҳида эътибор қаратамиз, чунки Исломда илм олиш билан биргаликда спорт орқали танани чиниқтириш ҳам назарда тутилади. Айни пайтда бадиий фаолият кўргазмасини ҳам ташкил этмоқчимиз”, дейди Қаҳҳуқ.

AYA директори таълим муассасасида чизмачилик ва хаттотлик санъати билан бир қаторда, болалар компьютердан ва уч ўлчамли предметлардан фойдаланган ҳолда ўзларининг рақамли санъат асарларини намойиш этиш истагида эканини билдирган.

Қуръон ва исломшунослик кафедраси мудири Доктор Маан Ал-Солиҳнинг билдиришича, “мактабда араб тили барча талабалар учун иккинчи тил деб қабул қилинган. Ўқувчилар араб тили савиясига қараб классификациялаштирилади ва янги келган, ҳали мослашиб улгурмаган талабаларга уч ой давомида араб тили ўргатилади. Бу жараёнда эса исломий илмлар инглиз тилида ўқитиб борилади”.

“Биз ҳар доим талабалар ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқотда бўлишга, ҳатто улар билан талабаларнинг Ислом ҳақидаги шахсий тушунчаларини ва мўътадил исломий қадриятлар масаласини муҳокама қилишга тайёрмиз”, дейди у.

Мактаб парталаридан бирида ўтирган Юсуф Ҳамза дастурчи муҳандис бўлишни орзу қилади. Бу орзусини амалга ошириш йўлида у дастурлашни бир неча йил олдин ўргана бошлаган ва ҳозирда ўзидан кичик болаларга ўргатмоқда. Юсуф туман миқёсидаги илмий кўргазмаларда қатнашиб, штат ичидаги мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, у мактабнинг баскетбол терма жамоаси таркибида ўйнайди ва штат ичидаги исломий ва ноисломий мактабларга қарши расмий мусобақаларда қатнашади.

Унинг мактабдаги дарс соатлари академик машғулотлар билан бошланади ва пешин намози билан давом этади. Бу пайтда ўқувчилар масжидда намозга жамланиб, бир ўқувчи имомлигида Қуръондан оятлар ўқилади ва ҳадислар тингланади. Шундан сўнг, улар яна дарсларига қайтишади.

“Ҳар куни Қуръон ўқишни давом эттирсак, йил охирига келиб уни тўлиқ хатм қиламиз,” дейди Юсуф.

Ўнинчи синф ўқувчиси Лаян Роусан эса бу ерда ҳижобда эканлиги туфайли кўплаб фаолиятлардан маҳрум этилмаганини айтиб фахрланади.

Америкада туғилган бу қиз стоматолог бўлишни орзу қилади ва Al Jazeera билан суҳбатда шундай деди:

“Ҳижобда эканлигимдан кўнглим тўқ. Келгусида университетга кирганимда ҳам қадриятларимга содиқ қоламан”.

Мактабдан чиқишдан олдин, кичкина тайёрлов синфи ўқувчилари мактаб ошхонасига тушлик учун кетаётганини кўрдик. Улар болаларга хос овозда, Аллоҳнинг неъматларига шукроналикни ифодаловчи дуоларни биргаликда айтиб боришарди.

Айтиш жоизки, АҚШда тахминан 270 дан 300 тагача исломий мактаблар мавжуд бўлиб, улар одатий академик фанлар билан бир қаторда диний таълимни ҳам ўз ичига олган ўқув дастурларини таклиф этади. Ушбу мактаблар болалар боғчасидан тортиб то ўрта мактабгача бўлган турли таълим даражаларида фаолият юритади ва АҚШдаги ўсиб бораётган мусулмон жамияти учун муҳим аҳамиятга эга.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.