Ғазодаги 2,2 миллион мусулмон учун Рамазон ойи тарихан меҳмондорчиликлар, зикрлар, эътикоф ва зиёратлар фурсати бўлиб хизмат қилган.

Бироқ сўнгги ўн йил ичида Исроилнинг Ғазодаги такрорий урушлари бир вақтлар қизғин ва жўшқин бўлган анъана устига қора кўланка солиб қўйди. 32 мингдан ортиқ фаластинликларнинг ҳаётига зомин бўлган ва Ғазони вайрон қилган, ҳамон давом этаётган геноцид ҳужуми бу ойни ойлар ичидаги энг даҳшатли ойга айлантирди.

Кўчадаги ўткинчиларга ҳам мулойимлик билан "Рамазон муборак" дейман. Бунда ўзимни ноқулай ҳис қилиб, хижолат бўламан, чунки Рамазоннинг жамики шод-хуррам тантаналари ўрнини уруш, қайғу, машаққатнинг маъюс саслари, сукунатли мотам эгаллади.

Ўтган йили фаолиятимда илк бор муносиб маошли ишга жойлашдим, бундан ниҳоятда қувондим. Моддий ҳолатим ўнгланганидан суюниб, 22 та жиянимнинг барини муқаддас ойни нишонлаш учун рангли фонар ёки "фонус" билан хурсанд қилдим.

Уларнинг юзу кўзларида акс этиб турган қувонч ва бахт юқувчан эди. Шунинг учун мен бу совғани йиллик маросимга айлантиришга аҳд қилдим. Ўшанда ихтиёримдан ташқаридаги вазиятлар бу қувонч ваъдасини шафқатсизларча бузиб юборишини билмасдим.

Бугун Ғазодаги ҳаёт ҳақиқати тубдан ўзгарди. Кўпгина жиянларим чодирларда, очарчиликда яшашга маҳкум, уруш вайроналари туфайли турар жойларидан ажрадилар. Бошқалар эса Ғазони бутунлай тарк этиб, бошқа жойлардан бошпана излаб кетишди.

Харобазорларга айланган Ғазо

"Одатий" шароитларда, масалан блокада маҳали Рамазонни олдиндан, ҳафталар давомида кутиб, унга тайёргарлик кўришади.

Хонадонлар ва корхоналар балконлари, дўконлар пештахталари чироқлар билан безатилар, муқаддас ойни қарши олишга чоғланган Ғазо кўчаларида ҳаёт қайнар эди. Келинойиларим уйимизнинг айвончасини мана шу митти чироқлар билан безашга ёрдам берганини яхши эслайман.

Ёш оналар ва ғайратли ёшлар бошчилигидаги бу эзгу анъана маҳаллалар бўйлаб одамларга кўтаринки кайфият улашади. Ғазонинг прожекторлар, қуёш панеллари, ҳаттоки, баъзида электр токи билан ёритилган кўчаларини кўриш қалбимни қувончга тўлдирарди. Аммо бу йилги Рамазон мусибатли ой.

Ғазонинг тунги жонли кўчалари бугун маъюс сукунат қаърига чўккан. Бир пайтлар ҳаёт қайнаган ерларни айни дамда вайроналар эгаллаган. Ўйнаб-қувнаётган болаларнинг шўх-шодон садолари ўрнини вайроналар остида қолганларнинг юракни эзувчи фарёдлари эгаллади.

Рамазоннинг биринчи кунида мен ўшал чароғон ўтмишдан қандайдир излар қолдимикин, деган умидда кўчаларни кезиб чиқдим. Бироқ таассуф ила англаганим шу бўлдики, бизнинг жонли ўтмишимиздан асар ҳам қолмабди.

Илгари одамларнинг ғала-ғовури билан қайнаб ётадиган очиқ бозорларда оз миқдордаги лимон, бақлажон, помидор ва уйда тайёрланган кир ювиш совунигина сотадиган бир нечта дўконлар қолди, холос. Мен учратган ўткинчиларнинг юзларида фақат қайғу ва умидсизликни кўриш мумкин. Ўша лаҳзаларда ўша қадрдон хотираларимни йўқотганимдан ўзимни тутолмасдан, кўзёш тўкиб йиғладим.

Бир пайтлар йўлларни безаб, яшнатиб турган ранг-баранг чироқлар ва фонуслар ўрнини ўлим бомбаларининг ваҳимали ёлқинлари ва харобазорлар эгаллади.

Бир пайтлар намозхонлар билан гавжум бўлган масжидлар ё бутунлай бўшаб қолди ёки вайронага айланди. Эндиликда имомлар одамларни ўз уйлари ёки вақтинчалик чодирлари ичида намоз ўқишга чақирмоқда.

Масжидларда таровиҳ намозлари ва Қуръон тиловати билан тўлган Рамазон оқшомлари муҳити ўрнини Исроил бомбаларининг портлаш садолари эгаллади. Ғазо кўчалари ва дўконлари бўйлаб уфуриб турадиган хушбўй ифорлар энди олис хотираларга айланди.

Ҳатто Рамазонда ҳам...

Ёшлик чоғларимда мактабдан уйга пиёда қайтардим. Ўшанда “Дайр ал-Балаҳ” қочқинлар лагерининг тор хиёбонларида сайр қилардим. Кўчалардан ўтарканман, идиш-товоқларнинг тақиллатгани ва овқат пишираётган аёлларнинг овози эшитилиб турарди. Ҳавони уйлар ичкарисида пиширилаётган таомларнинг ўзига хос маъзали иси тутиб кетган бўлар эди.

Яқинда қадрдон дўстим эри билан бирга уйига қилинган ҳаво ҳужуми натижасида фожиали тарзда ҳалок бўлди. Бир вақтлар у билан мактабдан уйга бирга қайтардик. Ўшанда у йўлда кетаркан, ҳар бир хонадондан таралаётган хушбўй ҳидга қараб идиш-товоқлар ва таомларни аниқлай оларди. Менга эса қуёш ботиб, шом намози кириш вақти ажиб хуш ёқарди.

Рамазоннинг биринчи куни келганида, кўпчилигимиз ифторга нима пишириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдик, чунки жавоб аниқ эди: молохия. Жуте ўсимлиги баргларидан тайёрланган қуюқ ва мазали бу шўрва ҳар дам Ғазода Рамазон ифтор дастурхони учун "очувчи" бўлиб хизмат қилган. Бошқа фаластинлик оналар ва бувилар каби, менинг онам ҳам молохиянинг жонли яшил ранги некбинликни уйғотади ва бутун ой давомида кишиларга бахт таратиб туради, деб ҳисобларди.

Бу йил эса тамоман тескари. Таомларимиз ҳақида гап кетганда, энди биз танлов имкониятига ҳам эга эмаслигимизни айтиб ўтишим керак. Одамларимиз айни дамда ёрдам посилкаларидаги бир неча қути озиқ-овқатга таянмоқда.

Дунё бўйлаб рўзадорларнинг аксари кам таомланиш ва кофеин етишмаслиги натижасида бош оғриғи ва чарчоқни бошдан кечиришадилар, биз эса бу йил Рамазоннинг биринчи кунидаги ўша чарчоқни ҳис қилмадик, чунки бундай етишмовчиликка биз бир неча ойдан бери дучор бўлиб келаётгандик.

Бугунги кунда Ғазо аҳолиси шахсий танлов сабабли эмас, балки озиқ-овқат ва сув етишмагани учун рўза тутмоқда.

Касалхонада ишлайдиган акам: “Биз беш ойдан бери рўза тутиб келамиз, шунинг учун биринчи куни бошимиз оғрийдими ёки йўқми, бу бизни хавотирга солмади”, деди. “Ростини айтсам, бизнинг бошимиз оғригани йўқ”.

Биринчи саҳарликни биз Исроил ҳаво ҳужумлари ва “Дайр ал-Балаҳ”нинг артиллериядан ўққа тутилиши билан қарши олдик. Онам хўрсиниб қўйди: “ҳатто Рамазонда ҳам тинч қўйишмади?”

Ҳозирда йўқ бўлган, бир вақтлар Рамазонда севимли десертимиз бўлган қатаифга биз жуда одатланган эдик. Авваллари бор-йўғи 8 шекел (2 доллар) бўлган бир килограмм шакар ҳозир 85 (23 доллар) шекелга етган.

Афсуски, Ғазодаги қувончли Рамазон кайфияти энди йўқ. Кенг ёйилган зиёфат дастурхонлари ўз ўрнини чайлалардаги консерва таомларга бўшатиб берди.

Оилалар энди байрамда эмас, мотамда тўпланишади.

Уйлар, бозорлар, мактабларнинг вайрон бўлиши, яқинларимизни йўқотиш, кундалик ҳаётнинг издан чиқиши бизни тасаввур қилиб бўлмас оғриқ ва йўқотишларга дучор этди.

Ғазо беш ойдан зиёд вақт давомида қирғин, касаллик, очлик, кўчирилиш, ҳайдалиш ва ташналикни бошдан кечирмоқда. Бу муборак ой аввалгиларидан кўра ўзгача тарзда келади, қувонч келтиради, деган ижобий умидда Рамазонни интиқлик билан кутган эдим. Аммо Рамазон ойи келди ҳамки, ҳеч нарса ўзгармади. Вазият ўша-ўша қолаверди. Ваҳшийликлар, зулмлар ҳамон давом этмоқда.

Биз авваллари Рамазонни бирорта ҳам яқинларимизни йўқотмасдан қарши олишни Аллоҳдан сўраб дуо қилардик.

Бироқ бу Рамазонда биз жуда ҳам кўп дўстларимиз, оила аъзоларимиз ва қариндошларимизни йўқотдик. Биз уйларимиздан айрилдик. Ҳаётимиздан маҳрум бўлдик. Хотиралардан айрилдик. Бисотимиздаги барини йўқотдик.

Бу ойда биз хоҳ овқат, хоҳ суҳбат, хоҳ қувонч ва табассум, хоҳ руҳий кечинмалар бўлсин, ҳаммасидан рўза тутяпмиз. Қолгани шунчаки мусибат ва ғам-ташвиш, холос...

Ғода Алҳаддад

Мавзуга алоқадор