16.04.2024 16:30

Дадамни яхши кўр! Худди мен сени яхши кўргандек...

Кунбўйи ишхонада югур-югурлар кўпайди. Камига анча вақт сарфлаб қилган ишим бошлиғимизга ёқмади... Бир уюм камситишлар ила нўноқликда айблади.

Уйга қайтяпман. Қаттиқ асабийлик оқибатими ёки хаёлим қочдими йўлдаги "таниш чуқурчани" кўрмай қолиб машинанинг ғилдирагини расво қилдим.

Уйга келсам овқат қилинмаган устига устак аёлим ҳам бетоб. Унга овозим борича бақирдим ва жаҳл билан ётоққа кириб ётиб олдим. Хаёлимда фақат раҳбарнинг асабий кўриниши ва айтган гаплари...

Шу пайт, уч ёшли ўғлим келиб "дадажон машинангизни мингим келяпти", деганча, устимга ўзини отди (одатда шундай қилиши менга жуда ҳам ёқарди). Уни устимдан улоқтириб "йўқол кўзимдан" деб ўшқирганча хонадан чиқариб юбордим. У йиғлаб-йиғлаб онасини ёнига кетди.

Орадан қанча вақт ўтди билмайман, кўзим илинган экан. Соат тунги 01:00. Ўғлим жажжи қўллари билан юзимдан силаб, бироз қўрқув билан уйғотди: "Дадажон хуфтонни ўқимай ухлаб қолибсиз". Қарасам қўлида жойнамоз. Бироз бир-биримизга тикилдик. Ўғлимнинг кўзида маъюслик ва меҳр қалқиб турибди. Бориб таҳорат олдим, ўғлим эса жойнамоз кўтарганча ортимдан эргашиб юрди. Унинг қўлидаги жойнамозни олиб, намоз ўқишни бошладим.

Бир маҳал ўғлим оёқларим орасига кириб: "Аллоҳим дадамни хафа қилганларни яхши одамга айлантир, дадамни яхши кўр, худди мен сени яхши кўргандек", дея, овоз чиқариб дуо қилди...

Мен эса йиғидан ўзимни тўхта олмадим, ҳатто, соқолим ва кўйлагим ҳўл бўлиб кетди…

Саидаброр Умаров

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.