09.04.2024 09:20

Ҳайитлик (ҳикоя)

Ҳайитлик

Жунайд СУАВИ

Кекса одам болалар кийим-кечак дўкони витринасига узоқ тикилиб турди-да, сал нарироқда ўйнаётган болалар орасидан озғинроғига қараб:

‐ Кичкинтой! - дея овоз берди.   Менга ёрдам берасанми?

Бола ўртоқларидан айрилиб, амаки томонга келди. Болакай 7-8 ёшлар чамасида, устидаги кийимлари қўл тегса, уваланиб кетадиган даражада униққан эди. Кекса амаки боланинг сочларини силаб:

‐ Витринадаги кийимни кийсанг, дегандим, деди. Кўрайлик-чи, сенга лойиқ келармикан? Бола бу таклифни аввалига ҳазил хаёл қилди. Аммо қаршисидаги инсонни ниҳоятда жиддий қиёфада кўриб, сўзсиз унга итоат этди. Болакай нотаниш амаки билан дўконга кирар экан, аввал бу воқеалар тушида рўй бермаётганини, сўнг бугунга қадар ҳеч янги кийим киймаганини ўйлади. Доим катта акасининг кийимлари ёки қўшнилар болаларига сиғмай қолган кийимларни кичик акаси кияр, унга етиб келгунича шалварларнинг тиззалари йиртилиб, кўйлаклар ранги униқиб кетарди. Аммо бемор бўлса-да, оиласини таъминлаш учун машаққат билан пул топаётган дадасини яхши кўрарди. Шунинг учун ҳам ота-онасига янги кийим деб хархаша қилмасди. Бугун биринчи марта янги кийим кияди. Боз уч кундан сўнг ҳайит байрами. Болакай кекса амаки олиб берган кийимни кийиб кўрганида, катта бўлиб қолганини пайқади. Чизиқли матодан тикилган шалвар оёқларининг узунлигини, бежирим пиждак эса елкаларининг кенглигини намоён қилганди. Уларнинг устидан кийган чиройли палто ҳам болакайни кўркам йигитчага айлантирди. Энди совқотмаётганди. Боягина ўртоқлари билан ўйнаганида ютиб олгани ошиқларни палтосининг чўнтагига қўйиб, завқланди.

Қария болани ўнгу сўлга айлантириб, кўрди-да, кийимларни ўраб беришларини сўраб, дўкондорга:

—           Бу кийимларни неварамга олдим, — деди. Неварамга кутилмаган совға қилмоқчи бўлдим. Шунинг учун кийимларни бу болага кийдириб кўрдим. Неварамнинг бўй-басти шу болага ўхшайди, - деган эди, бола бир зумда бошидан тош билан урилгандек зарбани ҳис қилди. Нима дейишни билмай қолди бир муддат. Аммо бироз ўйлади ва энди катта бўлганини, ўксингани билдириш яхши эмаслигини мулоҳаза қилди. Кўзгуга охирги марта бир қур кўз ташлаб, устидагиларни ечиб бир бурчакка ирғитиб, ўзининг эски кийимларини кийди. Эркак кийимлар неварасига лойиқ келишига ишониб, мамнун жилмайиб қўйди. Хизмати учун болага шоколад пули бермоқчи бўлиб қараганди, болакай кўринмасди.

Болакай ўртоқларининг ёнига қайтдию, бир бурчакка ўтиб уларнинг ўйинини томоша қилиб ўтирди. Ҳар қанча чақиришмасин, ўртоқларининг ўйинига қўшилмади.

— Нега ўйинга қўшилмаяпсан? сўради ўртоқлари.  Ахир, энг чиройли ошиқларни ютиб олгандинг-ку?

Болакай инжу каби ёш сизилаётган кўзларини ўртоқларидан яширишга уриниб:

—           Ошиқларим эгнимдаги эски кийимларга ярашмайдиган даражада чиройли эди. Шунинг учун уларни ҳайитлик палтоимнинг чўнтагига яшириб қўйдим, дея жавоб берди...

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.