2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи ўтган йил давомида 5,7 миллиард долларга кўпайиб, 34,9 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида айтилади. Бу кутилган кўрсаткичдан (32,1 миллиард доллар) 2,8 миллиард долларга кўпроқ.

Ташқи қарз давлат ва хусусий қарзлардан иборат. Янгиликда гап давлат қарзи ҳақида боради. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, «хусусий» секторда асосан давлат улушга эга бўлган компаниялар ва банклар ифодаланади (давлат банк секторининг 68 фоизга яқин улушига эга, шунингдек, 2019−2021 йилларда жами 2 миллиард долларлик қарздорлик қоғозларини муомалага чиқарган UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзмиллийбанк, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг эгаси ёки эгаларидан бири ҳисобланади).

Давлат ташқи қарзи 2023 йилда 3,73 миллиардга ошиб, 29,64 миллиард долларни ташкил этган (ЯИМнинг 32,6 фоизи). Бу маблағнинг 23,91 миллиард доллари ҳукумат номидан жалб қилинган, 5,72 миллиард доллари эса Ўзбекистон томонидан кафолатланган.

Давлат ички қарзи 1,97 миллиард долларга ошиб, 5,29 миллиард долларни ташкил этган (ЯИМнинг 5,8 фоизи). Шундан 1,78 миллиард доллар (21,9 триллион сўм) давлат қимматли қоғозлари, 3,51 миллиард доллари давлат томонидан кафолатланган ички қарздир.

Давлат қарзининг мамлакат ЯИМига нисбати 2022 йил охиридаги 36,4 фоиздан 2023 йил охирида 38,4 фоизгача (35,7 фоиз режалаштирилган эди) ошган.

Таққослаш учун: 2017 йилда давлат қарзи 11,5 миллиард долларни ташкил этганди (олти йил ичида бу кўрсаткич 3 баравар ошди). Гап «хусусий қарз»ни ҳисобга олмаган ҳолда фақат давлат қарзи ҳақида кетмоқда.


Қарзларнинг тармоқлар бўйича тақсимланиши

Иқтисодиёт тармоқлари бўйича давлат ташқи қарзи 2023 йил охирида қуйидагича кўринади:

Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш — 11,6 миллиард доллар, умумий қарзнинг 33,2 фоизи (2022 йил охирида 8,6 миллиард долларни ташкил этган);

Энергетика — 5,8 миллиард доллар ёки умумий қарзнинг 16,6 фоизи (3 миллиард доллар);

Қишлоқ ва сув хўжалиги — 2,8 миллиард доллар (2,54 миллиард доллар);

Транспорт ва транспорт инфратузилмаси — 2,8 миллиард доллар (2,84 миллиард доллар);

Уй-жой коммунал хўжалиги — 2,6 миллиард доллар (2,3 миллиард доллар);

Тадбиркорлик ва саноат ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш — 1,1 миллиард доллар (1,1 миллиард доллар);

Кимё саноати — тахминан 900 миллион доллар (1 миллиард);

Таълим, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация — 2 миллиард доллар (1,1 миллиард);

Бошқа тармоқлар — 897 миллион доллар (0,91 миллиард).

Қарзнинг деярли 50 фоизи бюджетни қўллаб-қувватлаш ва энергия учун кетган.


Кредиторлар

Кредиторлар нуқтаи назаридан давлат ташқи қарзи:

 Жаҳон банки — 6,6 миллиард доллар (5,5 миллиард);

Осиё тараққиёт банки — 6,4 миллиард доллар (6 миллиард);

Ислом тараққиёт банки — 0,9 миллиард доллар (0,9 миллиард);

Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 3,4 миллиард доллар (2,6 миллиард);

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — 2 миллиард доллар (1,9 миллиард);

Хитой Эксимбанки — 1,9 миллиард доллар (1,9 миллиард);

Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқалар — 1,4 млрд доллар (2,1 млрд);

Осиё инфратузилма инвестициялари банки (штаб-квартираси Хитойда) — 1,3 миллиард доллар;

Ислом тараққиёт банки — 0,9 миллиард доллар (0,9 миллиард);

Корея Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармаси — 0,8 млрд доллар (1 миллиард);

Халқаро валюта жамғармаси — 0,8 миллиард доллар;

Франция тараққиёт агентлиги — 0,7 миллиард доллар (0,7 миллиард);

Япония халқаро ҳамкорлик банки — 0,3 миллиард доллар (0,4 миллиард);

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Европа инвестиция банки — 0,3 миллиард доллар;

Бошқа халқаро молия институтлари — 2,4 миллиард доллар (2,4 миллиард).


Қарзнинг валюта тузилиши

Ташқи қарзнинг валюта тузилмаси (бу валюта курсининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган иқтисодиёт учун ҳақиқий хавф кўрсаткичларидан бири) қуйидагича кўринади:

 АҚШ доллари — 71,4 фоиз (75,7 фоиз эди);

Ўзбек сўми — 6,9 фоиз (1,6 фоиз);

СДР (Махсус қарз олиш ҳуқуқи) — 6,7 фоиз (7,2 фоиз);

Япон иенаси — 6,2 фоиз (8,1 фоиз);

Евро — 4,1 фоиз (4,8 фоиз);

Хитой юани — 1,9 фоиз (0,8 фоиз);

Жанубий Корея вони — 0,5 фоиз (0,67 фоиз);

Саудия реали, Кувайт динори ва БАА дирҳами — 0,6 фоиз (2,3 фоиз).

2023 йилда фоиз ва асосий қарз тўловлари.2023 йилда фоиз ва асосий қарз тўловлари.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда давлат қарзи бўйича фоизларни тўлаш учун 6,87 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган бўлса-да, амалда 1,12 миллиард доллар тўланган (ўтган йилги ўртача курс бўйича қарийб 13,15 триллион сўм). ИМВ буни ўтган йил бошида халқаро молия бозорларида (SOFR) фоиз ставкалари 2,99 фоизни ташкил этгани, йил охирига келиб эса 5,34 фоизга етгани, шу сабабли давлат қарзи бўйича фоиз тўловлари ошгани билан тушунтирди.

Шунингдек, 19,1 триллион сўм қарзни тўлаш режалаштирилган — 1,69 миллиард доллар (тахминан 19,8 триллион сўм) ажратилган.

Шу тариқа давлат қарзи ва фоиз тўловларини тўлаш учун жами 2,82 миллиард доллар йўналтирилган, бу 2022 йилга нисбатан 68,8 фоиз, 2021 йилга нисбатан 2,1 баравар кўп.

2024 йилда 32,27 триллион сўмлик қарзни сўндириш ва 16,38 триллион сўмлик фоизларни (жами — 48,65 триллион сўм ёки ЯИМнинг 3,7 фоизи) тўлаш режалаштирилган.

2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даражадаги 59 триллион сўмни (5 миллиард доллардан ортиқ) ташкил этиб, ўтган йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлганди. Ўтган йил охирида ҳукумат парламент орқали давлат харажатлари чегарасига тўғри келмагани учун лимитни оширган. Январь-апрель ойларида давлат бюджети дефицити 25,5 триллион сўмни (2 миллиард долларга яқин) ташкил этган.

Ўзбекистонда давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, маҳаллаларни сақлаш ва ННТларни қўллаб-қувватлаш харажатлари 24,5 фоизга ошиб, 17 триллион сўмга етган. 2024−2025 йилларда ҳам уларни сақлаш харажатларини ошириш режалаштирилмоқда.

Мавзуга алоқадор