23.05.2024 09:49

Ўзбекистонлик илк зиёратчилар ҳаж сафарига жўнаб кетди

23 май куни «Ҳаж-2024» дастури доирасида 240 нафардан иборат илк ўзбекистонлик зиёратчилар гуруҳи Uzbekistan Airways самолётида Тошкентдан Мадинага учди. Уларни президентнинг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқалар кузатиб қўйди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 23 майдан 7 июнь кунига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти: Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари орқали ҳожиларни Мадина шаҳрига юбориш ҳамда 22 июндан 12 июлга қадар Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон шаҳарларидан Мадина шаҳрига жами 124 та чартер авиақатнови ва 15 130 нафар йўловчи ташуви амалга оширилади.

Зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида эса “Abraj al-Dana”, “Al-Ayam Elite”, “Dali Hotel”, “Najma Al-Saad”, “Open Hotel”, “Shueae Nozha Hotel”, “Ayed Al-Saha” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар.

Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, ибодатларни эмин-эркин ҳамда тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.