01.03.2024 09:10

Саудия Арабистони Ҳаж қоидаларини кучайтирди

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги барча зиёратчиларни Ҳажда ноқонуний иштирок этганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши ҳақида огоҳлантирди. Ҳукумат хабарига кўра, маҳаллий аҳоли ҳам, хорижлик зиёратчилар ҳам ҳажга бориш учун расмий рухсат олиш талабларига эътиборли бўлишлари керак.

Янги тартибларга кўра, зиёратда рухсатсиз қатнашиш оғир оқибатларга олиб келади, жумладан, 2 ойдан 6 ойгача қамоқ жазоси ва 50 минг Саудия риёли (13,33 минг доллар)гача жарима тайинланиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу қоидани бузганликда айбдор деб топилган хорижлик фуқароларга жазо муддатини ўтаб бўлгач, 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириши тақиқланади.

Шунингдек, тегишли рухсатномасиз зиёратчиларни олиб кетаётгани аниқланган шахсларга 50 минг реал миқдорида жарима солиниши мумкин.

Бундан ташқари, зиёратчилар “ноқонуний молиявий ёрдам”да қатнашганлик учун тайинланиши мумкин бўлган жазолар ҳақида маълумот берилди. Бундай қонунбузарликлар 7 йилгача қамоқ ва 5 миллион Саудия риёли (1,33 миллион доллар)гача жарима билан жазоланади.

Ҳажга рухсатсиз қатнашганлик учун жазо чоралари аввалдан мавжуд бўлса-да, бунчалик қаттиқ эмасди. Arab News маълумотларига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 1,8 миллиондан ортиқ мусулмон Ҳаж зиёратини адо этган. Махсус визасиз ҳаж зиёратига боришга уринган 17,6 мингдан ортиқ киши қўлга олинди. Шунингдек, 105 та ноқонуний зиёрат сафари ташкилотчиси ва 33 та зиёратчиларни ноқонуний равишда Ҳаж зиёратгоҳларига олиб борганлар (ҳайдовчилар) аниқланган.

Ҳаж ислом тақвими бўйича Зулҳижжа ойининг 8-дан 12-кунига қадар давом этади. 2024 йилда бу саналар тахминан 15-19 июнь кунларига тўғри келади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.