14.08.2025 16:24
24

Ўзбекистонга Саудиядан ноёб артефактлар олиб келинди

Саудиядан Ислом цивилизацияси марказида намойиш этиш учун 13 та нодир ва қимматбаҳо экспонат олиб келинди. Экспонатлар 2025 йил сентябридан 2026 йил март ойигача Ўзбекистонда намойиш этилади. Улар ислом дунёси тарихи, маданияти ва Ўзбекистоннинг маънавий мероси билан узвий боғлиқ бўлиб, юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларга бой тарихий хазина билан яқиндан танишиш имконини беради.

Марказ илмий ходими Элёр Муллажоновнинг айтишича, экспонатлар орасида энг нодирларидан бири — Мамлуклар давридаги Муқаддас Каъба калитлари жездан ясалган, кумуш билан безатилган ва Қуръон оятлари ўйиб ёзилган ноёб асар ҳисобланади.

Кўргазмада намойиш этиладиган асарлар турли давр ва ҳудудларга мансуб бўлиб, улар орасида:

  • Ғазнавийлар давридаги қумғон — ўйма нақшлар билан безатилган қуйма бронза намунаси;
  • Салжуқийлар давридаги сиёҳдон — тошдан ўйилган бадиий асар;
  • Илк ислом даври сопол лаганлари — ҳижрий IV–V асрларда яратилган;
  • Қуръон қўлёзмалари — Шарқий куфий ва насх хатда безакли нусхалар;
  • Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонуни” асаридан саҳифалар — 1549 йилдаги илк нашрдан;
  • Маҳмал — Каъба кисвасини ташишда ишлатилган маросимий ҳовлид;
  • Ҳазрати Иброҳим мақоми пардаси — Усмонийлар даврида тикилган ноёб асар;
  • Шахмат тошлари — ҳайвон суягидан ўйилган ўйин жиҳозлари;
  • Тарихий китоб муқоваси — олтин ва бўёқлар билан безатилган Марказий Осиё намунаси.
Мазкур ҳамкорлик нафақат ислом дунёси маданий меросини кенг тарғиб этади, балки Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаши айтилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.