15.08.2025 07:14
137

Ўзбекистондаги фаластинликларга ижтимоий ёрдам пакети жорий этилди

Ўзбекистонга олиб келинган фаластинлик фуқароларга доимий ғамхўрлик ва ижтимоий кўмак кўрсатилади. 

Президент фармони билан, ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган меҳмонларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронликни белгилаш чоралари кўрилади.

Икки ҳафта муддатда меҳмонларга зарур иш стажига эга бўлмаган кекса фуқароларга бериладиган нафақа (820 минг сўм миқдорида) тайинланиши таъминланади.

Бундан ташқари, ҳар бир меҳнат ёшидаги меҳмон (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бундан мустасно) учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари (669 минг сўм) миқдорида яшаш нафақаси жорий этилади.

Меҳмонларнинг ҳар бир оиласига яшаш манзили бўйича уй-жойнинг ижара харажатлари қоплаб берилади. Уларга фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (811 965 сўм) ҳамда дафн этиш учун нафақа тўлови (1 712 000 сўм) Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган миқдорда тўланади.

Шунингдек, меҳмонларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул қўшимча равишда тўлаб берилади.

Фаластинликларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак кўрсатиш, шунингдек, уларнинг эҳтиёжлари ва индивидуал талабларини рўёбга чиқариш мақсадида биттадан маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликларнинг фарзандлари яшаш жойи бўйича давлат боғча ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилиб, уларнинг мослашуви юзасидан доимий мониторинг ўрнатилади. Қўшимча таълим харажатлари 100% давлат ҳисобидан қопланади. Улардан 2028 йил 1 январигача боғча пули олинмайди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.