04.09.2024 08:02

Ўзбекистонда СССРни тиклаш тарафдори бўлган фуқаронинг озодлиги чекланди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри суди Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланган фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар қилди «Газета.uz» суд материалларига таянган ҳолда.

Иш материалларига кўра, фуқаро Э.Хасанов 1979 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаб, Самарқанд шаҳридаги 11-сонли кечки мактабда икки йил математика фанидан дарс берган, сўнгра «Ватанпарвар» ташкилотида ишлаб, 2011 йили нафақага чиққан.

Суд қарорида келтирилишича, у 2021 йилда россиялик Олег Туришкиннинг маърузаларини тинглашни бошлаган. Россия фуқароси ундан СССР фуқаролигидан чиқиш бўйича ариза билан мурожаат қилганмисиз, дея сўраган. Йўқ, деган жавобни берганидан сўнг уни «Гос.реестр СССР» номли гуруҳга қўшиб қўйган. Орадан вақт ўтиб Олег Туришкин фуқарога «СССР фуқароси» ҳақидаги гувоҳномани почта орқали жўнатган.

Э.Х. YouTube`даги Алексей Иванович исмли одам билан кўришган, сўнгра 2023 йил 3 январда Москвага бориб, у ерда Совет Иттифоқини тиклаш учун тарафдорларни тўплаётган одамлар билан учрашган. Улар ушбу давлат ҳали қонунан тарқалмаганини, Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтишини, 15 давлатни қонуний йўллар орқали тез йилларда бирлаштиришларини айтган.

Судланувчи ўтган йилнинг март ойида «Узбекская ССР/СССР» Telegram-гуруҳига қўшилган. У ерда «Ўзбекистон мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет Иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари» ҳақидаги материалларни жойлаштирган.

Комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси хулосасига кўра, унинг материалларида Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, бузишга очиқдан-очиқ даъват қилувчи ғоялар мавжуд.

Шунингдек, у Telegram`даги гуруҳга Самарқанд вилояти бўйича «ВКПб» секретари ҳисоботи сифатида «В всесоюзная Коммунистическая партия Большевиков города Самарканда» номли мақола жойлаштирган.

Айбланувчи судда ўз айбини тан олмаган, бироқ суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.

Суд Э.Х.ни Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) билан айбдор деб топди. Унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, унга соат 22:00 дан 6:00 гача хонадондан чиқиши, назорат органининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириши, Самарқанд вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиши, интернет тармоғидан фойдаланиши тақиқланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.