Ўзбекистонда Саудия Арабистонининг халқаро мактаблари очилиши мумкин
Осама бин Солиҳ сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида савдо ҳажми кўпайганини ва Саудия сармояларининг мисли кўрилмаган даражада ошиб бораётганини қайд этди. Шунингдек, у ўзи бошқараётган "Al Faris International" компанияси таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқувчилар билимини ошириш йўналишида иш олиб боришини билдирди.
Қайд этилишича, компания сармояси билан ташкил этилган халқаро мактаблар дунё мамлакатлари халқаро стандарти "IBO"га асосан фаолият олиб бормоқда. Улар Саудиядаги мактаблар орасида энг юқори ўринларда туради.
"Биз юз фоиз ўз капиталимиз асосида ёки ўзбекистонлик шериклар билан халқаро мактабларни ташкил этишга тайёрмиз. Ушбу мактабларда халқаро стандартларга мос равишда таълим берилади, ўқиш хорижий ва маҳаллий тил қатъий талаби асосида олиб борилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилади. Бунда 6 ёшгача бўлган болаларга мактабга тайёргарлик бўйича кучайтирилган дарслар ўтилади", деди у.
Учрашув якунида "Al Faris International" компанияси делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.