08.10.2025 12:03
66

Ўзбекистонда Meta компаниясининг ваколатхонаси очилиши мумкин

Ўзбекистонда Facebook, Instagram, WhatsApp Threads тармоқларини ўз ичига олган Meta компанияси ўз ваколатхонасини очиши мумкин. 

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ахборот хизматига кўра, 7 октябрь куни агентликда компания вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган. Хусусан, Meta'нинг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари учун давлат сиёсати бўйича директори Сарим Азиз, Марказий Осиё, Мўғулистон, Шри-Ланка ва Малдив ороллари учун давлат сиёсати бўйича раҳбар Сенура Абейвардена, Марказий Осиё, Гонконг ва Тайван бўйича ҳукумат билан алоқалар ва ижтимоий ташаббуслар бўйича раҳбар Aurora Ли ҳамда Марказий Осиё ва Мўғулистон учун давлат сиёсати бўйича минтақавий менежер Ерасил Калихан иштирок этган.

Муҳокамада Ўзбекистонда Meta ваколатхонасини очиш истиқболлари, рекламани илгари суриш ва компания платформаларида жойлаштиришда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилган. Шунингдек, контентни монетизация қилиш ва мамлакатдаги рақамли контент яратувчиларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар рақамли платформаларни тартибга солиш, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва адолатли монетизация тизимини ривожлантириш бўйича тўғридан тўғри мулоқот ўрнатиш ва тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги учрашувда рақамли хавфсизлик, реклама шаффофлиги, масъулиятли рақамли хулқ-атворни тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этган. Томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва унинг муайян йўналишларини ўрганишга келишиб олган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.