27.11.2024 16:49

Ўзбекистонда ИШИД сафига қўшилмоқчи бўлган 17 ёшли йигит ва унинг 16 таниши қўлга олинди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ислом ва Шом ислом давлати (ИШИД) халқаро террорчилик ташкилоти сафига кўшилмоқчи бўлган 17 ёшли йигит ва унинг 16 нафар таниши қўлга олингани маълум қилинди.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор суриштирувлар давомида 2007 йилда Тошкент вилоятида туғилган К.И. интернет тармоғида экстремистик ғоялар таъсирига тушиши оқибатида 16 нафар яқин танишлари билан ноқонуний йиғилиб, келгусида хорижда фаолият олиб бораётган ИШИД сафига қўшилишни режалаштиргани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

"Лоқайдлик ва ишонувчанлик оқибатида, интернет тармоғи орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик учун фуқароларимизни доимо огоҳ бўлишига чақирамиз. Ўзингизнинг тақдирингизга бефарқ бўлманг", - дейилади ИИВ хабарида.

Кўпчилик учун оддий бир хабар. "Яхши қилишибди, вақтида ушланибди", дейдиган хабар. Аммо эътибор беринг - ҳали мактаб ёшидаги йигит қўлга олинган. У қандай қилиб бу ёшда террористик ғоялар таъсирига тушиши мумкин? Билимсизликданми ёки қаровсизликдан? Балки жамият томонидан четлаштирилган, ноҳақликларга, босимларга учрагандир. Эҳтимол, у террорист ким, жиҳод нима, шаҳидликнинг асл моҳияти қандай, деган саволларга жавоб бера олмас.

Ота-она сифатида фарзандларимизнинг кимлар билан ош-қатиқ бўлаётгани, уларнинг интернетдан фойдаланишини бутунлай чекламаган ҳолда ундан мақсадли фойдаланишини ўргатиш ва бунинг устидан қатъий назорат ўрнатишимиз зарур. Жамият сифатида эса ҳар бир болага ўзимизнинг фарзандимиздек қараб, уларга энг керакли диний ва дунёвий билимларни ёшларига мос тарзда тақдим этишга ҳаракат қилишимиз керак. Руҳий ва жисмоний тазйиққа учраётган, яккаланаётган, четлаштирилаётган, пастга урилаётган ёшларни аниқлаш ва ўз вақтида уларга ёрдам қўлини чўзиш эса биринчи навбатда давлатимизнинг вазифасидир. Зеро халқаро террористик ташкилотлар тузоғига тушаётган ҳар бир ёшимиз - бизнинг бой берилган улкан имкониятимиздир...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.