Ўзбекистон ҳукумати Толибон раҳбарияти билан музокаралар ўтказди
17 август куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди, дея хабар берди ҳукумат раҳбари матбуот хизмати.
Ташриф
доирасида Кобул шаҳрида Афғонистон бош вазири в.б. Абдул Ғани Бародар, унинг
маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, сиёсий масалалар
бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Мутакий билан икки
томонлама учрашувлар ўтказилди.
Музокараларда
давлатлар ўртасидаги алоқалар дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик
тамойилларига асослангани, Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиёнинг узвий ва
ажралмас қисми сифатида қараши қайд этилди.
Учрашувларда
Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги
самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефть-газ
конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек,
транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро
муносабатларларни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек,
ўзаро савдо айланмасини 2024 йилда 1 млрд долларга, яқин истиқболда эса 3 млрд
долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга
солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш
лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бунда
икки томонлама инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда имтиёзли савдо тўғрисидаги
битимлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта туртки бериши
маълум қилинди.
Абдулла
Арипов ҳамда Абдул Ғани Бародар афғонистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар
билан учрашув ўтказди.
Маълум
қилинишича, 1 октябрдан икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо келишуви ишга
тушади. Ушбу ҳужжат доирасида келишилган 14 хил маҳсулотга импорт
божлари бекор қилинади ва экспортёрлар учун қулайлик яратилади.
Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини янада
ошириш мақсадида фитосанитар рухсатнома бериш тартиби енгиллаштирилди, дейилади
хабарда.
1 августдан Айритом-Хайратон чегара пости 24 соатлик иш
режимига ўтказилган. Халқаро Термиз савдо марказига ташриф буюрувчилар учун 15
кунлик визасиз режим жорий қилинади ва барча солиқлардан озод этилади.
Афғонистонлик тадбиркорларни Ўзбекистонда фаол ишлаши учун
икки давлат ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
тўғрисидаги келишув имзоланди.
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Кобул шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми ҳамда Made in Uzbekistan кўргазмасининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этди.
Кўргазмада Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган
корхоналарнинг текстиль, чарм-пойабзал маҳсулотлари, гиламлар,
мева-сабзавотлар, электротехника ва кабель маҳсулотлари, автомобиль ва қишлоқ
хўжалиги техникаси, металлургия, нефть-кимё ва бошқа кўплаб турдаги тайёр
маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
17 август куни иш бошлаган Made in Uzbekistan кўргазмаси 21
августга қадар давом этади.
Эслатиб
ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр
Саидов Кобулда Афғонистон муваққат ҳукумати билан музокаралар ўтказганди. Мулоқотда Афғонистондаги
савдо, транзит, инвестицияларни ривожлантириш, сув ресурсларидан фойдаланиш
соҳасидаги ҳамкорлик ва бошқа масалаларга тўхталганди.