Вазирлик
маълумотларига кўра, Транспорт вазирлиги раҳбари бу сафар унга «хусусий
сектор, темирйўл, геология ва тоғ-кон саноатидан кучли техник гуруҳ
ҳамроҳлик қилаётганини» айтган. Илҳом Маҳкамов Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон
ҳукумати «Афғонистонга жиддий эътибор қаратишини ва Афғонистонни
минтақадаги транзит хабга айлантириш ғоясини қўллаб-қувватлашини» қўшимча
қилди, дейилади хабарда.
Транспорт вазири «Ўзбекистон —
Афғонистон — Покистон» темирйўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини
амалий ишлаб чиқиш учун муҳандислар жамоаси билан келганини айтган.
Бир неча ҳафтадан сўнг яна бир Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга афғон
темирйўли қурилиши учун ускуналар олиб келиши кутилмоқда.
Шунингдек,
Ўзбекистоннинг геология ва тоғ-кон техник гуруҳи Афғонистон Кон
ва нефть вазирлигининг нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш бўйича
масъул ходимлари билан учрашувлар ўтказади.
Илҳом
Маҳкамов, таъкидланишича, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида кечаю-кундуз
божхона ва чегара хизматларини кўрсатишга тайёрлигини билдирган,
шунингдек, транспорт ва транзит тарифлари пасайтирилганини эслатган.
Амир Хон Моттакий афғон
тадбиркорлари ва ҳайдовчилари учун виза беришни соддалаштириш бўйича эришилган
ютуқлар «олдинга қўйилган яхши қадам» эканини таъкидлаб, афғонлар учун таълим,
тиббиёт ва сайёҳлик мақсадларида визалар беришни кенгайтириш зарурлигини
қўшимча қилган.
Ўзбекистон президентининг
Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Ўзбекистонда афғонистонлик
бизнесменлар ва ҳайдовчилар учун узоқ муддатли визалар, шунингдек, таълим,
тиббиёт ва туризм учун визалар бериш устида иш олиб борилаётганини
маълум қилган.
ТИВ маълумотларига кўра, у яқин орада Кобулга 1 миллион тоннадан
ортиқ кўмир сотиб олиш учун техник гуруҳ келишини таъкидлаган. Шунингдек, Мозори
Шарифдаги Имом ал-Бухорий мадрасаси қурилишини бошлаш учун муҳандислар келиши
режалаштирилган.
Президентнинг махсус вакили
Ўзбекистон Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги билан тарихий
масканлар ва зиёратгоҳларни қуриш ва реконструкция қилишда ҳамкорлик
қилишга тайёрлигини билдирган.
Делегация Афғонистон бош
вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мавлавий Абдул Кабир ва ушбу
мамлакатнинг бошқа расмий вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда
жорий йилда кўмир қазиб олишни 8 миллион тоннага (ўтган йили бу кўрсаткич 6,5
миллион тонна эди), келаси йили эса 10 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Режалар 13 май куни президентга тақдимот қилинди. У соҳага халқаро
стандартларни жорий этиш, кўмир сифатини ошириш, инвестиция лойиҳаларини
жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Март
ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Кобулда Афғонистон
раҳбарияти билан музокаралар ўтказганди. Улар Афғонистонда савдо, транзит,
инвестицияни ривожлантириш, сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик
ва бошқа масалаларга тўхталган