Шавкат Мирзиёев Шушадаги нутқида Ғазо ва Афғонистон масаласига тўхталди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Арманистон ишғолидан озод қилинган Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитида нутқсўзлади. Давлат раҳбари ўз нутқида савдо ва транспорт йўлларини ривожлантириш, иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш каби масалалар қаторида Ғазо ва Афғонистон мавзусига тўхталди.
“Ушбу
саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб
бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик
руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни,
умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода,
бугунги йиғилишимиз “Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали
барқарор келажакни бунёд этиш” шиори остида ўтаётгани долзарб аҳамиятга эга”, -
деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон
президенти Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги умумий
ўзаро товар айланма ҳажми 27 фоизга ошгани, бундай юқори ўсиш суръатлари жорий
йилда ҳам кузатилаётганини таъкидлади. “Уни бардавом сақлаб қолишдан
манфаатдормиз”, - деди.
Ташкилот
ҳудуди иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканига
урғу қаратган Ўзбекистон етакчиси вазирлар даражасида Туркий экология
кенгашини тузиш ҳамда мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп
зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштиришни таклиф
қилди.
Шавкат
Мирзиёев Ғазо масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
“Тўққиз
ойдан буён Ғазо секторида кечаётган қонли уруш оқибатлари бизни чуқур қайғу ва
изтиробга солмоқда. Тўқнашувлар 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва
болалар ҳаётига зомин бўлганини ҳеч бир сабаб ва баҳона билан оқлаб бўлмайди”,
- деди у.
Ўзбекистон
президенти зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ
бошлашга чақирди.
“Мустақил
ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик
барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шартидир”, - дея таъкидлади.
“Кўп
миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият
эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам
кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради.
Шавкат
Мирзиёев Афғонистоннинг хориждаги “музлатилган” молиявий активларини
қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонч
билдирди.
“Янги
воқелик шароитида Афғонистон масаласи бўйича Ташкилотимиз аъзоларининг умумий
ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш масалалари ташқи ишлар вазирларимиз
мулоқотларида асосий муҳокама мавзуси бўлиши лозим”, - деди у.