Ўзбекистон сув тошқинларидан жабр кўрган Қозоғистон аҳолисига ёрдам юборди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра Қозоғистонга сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудлар аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон
ҳукумати асосида 15 та юк автомашинасидан иборат инсонпарварлик юки
шакллантирилиб, юкларни етказиб бериш бўйича ташкилий масалалар белгилаб
олинган. Уни президент маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов
бошчилигидаги ишчи гуруҳ етказиб беради.
Инсонпарварлик ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотлари, аёллар,
болалар ва эркаклар уст-бош кийим-кечаклари, кўрпача, ёпинғич, ёстиқлар,
гигиеник воситалар, махсус қурилмали чодирлар, резина қайиқ тўпламлари ва бошқа
зарур маҳсулотлар ўрин олган.
«Газета.uz» ўз манбасига таяниб, 10 миллиард сўмлик 100 тонна юк жўнатилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда март ойидан буён қор ва музларнинг эриши натижасида дарёлар сатҳи кўтарилиб, мамлакатнинг катта қисмида сув тошқинлари кузатилмоқда. Шу вақтга қадар 118 507 киши, жумладан 44 407 бола қутқарилди ва эвакуация қилинди. Уларнинг 21494 нафари уйларига қайтди. Ақтўбе, Қўстанай, Ақмола, Атирау ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 5862 хусусий турар-жой биноси ва 1065 ҳовли ҳудуди сув остида қолмоқда.