09.06.2025 13:19
186
Ўзбекистон Словакиянинг стратегик шеригига айланди
Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Маълумот учун, Словакия бош вазири Роберт Фицо кеча, 8 июнь куни кечқурун Ўзбекистонга келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олишди.
Бугун, 9 июнь куни у “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументига гул қўйди. Юқори мартабали меҳмон бошчилигидаги Словакия делегацияси вакилларига мажмуанинг меъморий ечимлари ҳамда композициясининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Словакия бош вазири Роберт Фицони расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Шундан сўнг, Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия бош вазири Роберт Фицо ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Учрашув аввалида Мирзиёев ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Словакия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлаган.
Фицо IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.