05.02.2025 06:30

Ўзбекистон президентининг Малайзияга расмий ташрифи бошланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4 февраль куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.


Куала-Лумпур халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдул, таълим вазири Замбри Абдулқодир ва бошқа расмий шахслар тантанали кутиб олди. Ташриф муносабати билан фахрий қоровул саф тортиб, икки мамлакат байроқлари кўтарилди.


Мирзиёев аэропортда Малайзия парламенти спикери билан қисқа учрашув ўтказди. Унда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Ташрифнинг асосий тадбирлари 5 февраль куни бўлиб ўтади. Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Анвар Иброҳим олий даражада музокаралар ўтказиб, Ўзбекистон-Малайзия бизнес форумида иштирок этади. Саммит якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Бу ташриф икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.