09.10.2025 16:16
331

Ўзбекистон Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни олқишлади

Ўзбекистон АҚШ президенти Доналд Трампнинг бевосита кўмагида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод этиш бўйича эришилган келишувни олқишлади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.

"Миср, Қатар ва Туркиянинг ушбу муҳим жараёнда мувофиқлаштирилган фаолиятини ва уларнинг муҳим ролини юқори баҳолаймиз. Мазкур саъй-ҳаракатлар зўравонликни тез фурсатда тўхтатиш, гуманитар инқирозни енгиллаштириш ҳамда сиёсий мулоқотни тиклаш учун замин яратмоқда.

Ўзбекистон доимо халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари асосида Яқин Шарқда мустаҳкам ва адолатли тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлайди.

Ўт очишни тўхтатиш вақтинчалик чора эмас, балки томонлар ўртасида хавфсизликни таъминлаш, барқарор ҳамжиҳатликни ўрнатиш ва ўзаро ишончни тиклашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий ечим сари муҳим қадам бўлишига ишончимиз комил", дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, унда Ўзбекистоннинг Яқин Шарқда тинчлик, барқарорлик ва гуманитар енгилликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларга конструктив ҳисса қўшишга тайёрлиги ҳам билдирилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.