Хитой биржаси уйғурлар қони эвазига ўсмоқда
Хитой Шарқий Туркистондаги иқтисодий иштирокини тобора кенгайтирмоқда – геноцид ва мажбурий меҳнат ўчоғига айланган минтақани миллиардлаб даромад келтирадиган манбага айлантиряпти.
2025 йил апрель ойи охиридаги маълумотларга кўра, минтақадан 61 та компания биржага рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг умумий бозор қиймати тахминан 104,5 миллиард долларни ташкил этади. 2024 йилда эса бу компаниялар тахминан 98,2 миллиард доллар даромад олган – бу минтақадаги умумий саноат ишлаб чиқаришининг учдан бир қисмига тўғри келади.
Хитой ҳукумати ҳар йили юзга яқин маҳаллий фабрикаларни танлаб олиб, уларни биржага олиб чиқмоқда. Аммо бу иқтисодий ўсиш замирида оммавий таъқиблар, мажбурий меҳнат, экологияга зарар ва ресурсларни Хитой ички ҳудудларига олиб чиқиб кетиш каби даҳшатли жараёнлар яширинган.
Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, айни дамда 2 900 дан зиёд компания таъқиб ва зўравонлик тизимида иштирок этмоқда.