08.11.2024 09:03
Шарқий Туркистонда Қуръон ўргатган аёл узоқ муддатга қамалди
Хитой ҳукумати 2014 йилда Шарқий Туркистонда уйғур аёл Ҳайриниса Маметни “ёшларга Қуръон ўргатиш орқали Хитойни бўлишга уриниш” айби билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Бу жазони ўтаб бўлгач, шу йилнинг ўрталарида унга яна 14 йил қамоқ жазоси берилди, дея маълум қилди Altruist News Telegram-канали.
Ёши 40 дан ошган Мамет 2014 йил 22 май куни Урумчидаги ҳужумлардан сўнг оммавий ҳибсга олишлар вақтида ушланган. Ҳужумга алоқаси бўлмаган Маметнинг “айби” қўшнилар илтимосига кўра Қуръон ўргатган.
Озодликка чиққанидан кейин Мамет яна ҳибсга олинди ва қўшимча муддатга ҳукм қилинди. Унинг қишлоғидан яна икки киши ҳам озодликка чиққанидан кейин яна ҳибсга олинган.
Хитой миллиондан ортиқ уйғур мусулмонларини қайта тарбиялаш лагерларида сақламоқда. Минтақада репрессия ва ассимиляция (бошқа халқлар билан аралаштириб, бир қилиб юбориш – Azon Global) чоралари кучаймоқда.
Мусулмонлар лагерларда қийноққа солиниб, шафқатсиз муносабатга дуч келишмоқда. Тарихий масжидлар ва исломий бинолар вайрон қилинмоқда, қолганлари эса Коммунистик партиянинг ташвиқот марказларига айлантирилмоқда.
Намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳижоб ўраш, соқол қўйиш, Қуръон тиловат қилиш каби исломий одатлар чекланган ва ман этилган. Исломий турмуш тарзини олиб борадиган одамлар таъқиб қилинади, ҳибсга олинади ва лагерларга юборилади.
Қатағондан қочган кўплаб уйғурлар дунёнинг турли мамлакатларида Хитойга депортация қилинишидан қўрқиб яшамоқда. Хитой ҳукумати уларни ортга қайтариш учун оилаларини ҳибсга оляпти.