Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди
Кеча, 26 май куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида "Янги Ўзбекистон" боғига ташриф буюрди ва Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Мажмуани қисқа кўздан кечириш давомида олий мартабали меҳмонга ушбу меъморий ансамбль мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Олий даражадаги музокаралар давомида раҳбарлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалаларини кўриб чиқадилар.
Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши режалаштирилган. Президентлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этадилар.