19.07.2024 12:35

“Вагнер”га ёлланган наманганлик беш йилга қамалди

Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси таркибида жанг қилган Наманган вилоятида яшовчи Ғолиб Алиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») билан беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд мажлисида Алиев ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда Россияга ишлаш учун келган, бироқ орадан маълум вақт ўтиб, бошқа бир муҳожирни қасддан ўлдиргани учун 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

2022 йил 1 сентябрь куни “Вагнер” ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг шахсан ўзи Алиев сақланаётган колонияга маҳбусларни Украинадаги урушга ёллаш учун келади. У билан шартнома олти ой муддатга шартнома имзолаш ҳамда ойига 175 минг рублдан маош тўлаш, судланганликни олиб ташлаш ҳамда Россия фуқаролигини беришни ваъда қилади.

“Тахминан 700 ёки 800 маҳбус жанг қилишга рози бўлди. Мен ҳам қамоққа қолмаслик учун улар билан бирга рози бўлдим", - дейди Алиев ўз ҳимоясида.

Ҳарбий лагердаги машғулотлардан сўнг октябрь ойи бошида Алиев асосий жанглар бўлиб ўтган Луганскка йўл олади. 2023 йил январь ойида елкасидан яраланган ва касалхонада уйғонган.

“2023 йил 17 февралда ҳарбий госпиталдан чиқдим. Улар менга 600 минг рубль миқдорида мукофот пули беришди”, - деди судланувчи. Август ойида Россия фуқаролигини олади ва "Жасорат учун" медали билан тақдирланади.

2023 йил декабрь ойида ватанига қайтганидан сўнг Алиевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси «Ёлланиш» бўйича иш қўзғатилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.