«Вагнер» сафида хизмат қилган яна бир ўзбекистонлик жазога тортилди
21 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясида хизмат қилган 48 ёшли ўзбекистонлик устидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Газета.uz» суд қарорига таяниб хабар қилди.
Иш материалларига кўра, 2022 йил сентябрь ойида пойтахтлик
(1976 йилда туғилган) Б.З. Россияга ишлаш учун кетган. У пул топиш мақсадида
кетганини каттароқ хонадон сотиб олмоқчи бўлгани билан изоҳлаган. Ўшанда у
(оилада ягона боқувчи), ногиронлиги бор рафиқаси, онаси, синглиси ва уч
фарзанди — жами етти киши икки хонали квартирада яшаган, хусусан, у рафиқаси
билан ошхонада турган.
Эркак РФга «Тошкент-Новосибирск» автобусида «Ғишткўприк»
чегара пости орқали йўл олган. 2023 йил 20 майгача битта корхонада новвой бўлиб
ишлаган. Ўша пайтларда у Telegram каналларидан бирида «Вагнер» ХҲКнинг
рекламасини кўрган.
Унга жанговар ҳаракатларда қатнашганлик учун иш ҳақи 240
минг рубль (43,8 миллион сўм) бўлиши, шунингдек, 21 кун давомида ҳарбий
тайёргарликдан ўтаётганда яна 45 минг рубль тўланиши маълум қилинган. У рози
бўлган ва Краснодардаги ҳарбий базага борган.
Судда эркак «орқага қайтиб бўлмаслиги ва у жангда ўлиши
мумкинлиги»дан огоҳлантирилганини айтди. Эркак унга пул керак бўлганини, шунинг
учун хизмат қилишга рози бўлганини билдирди.
Олти ойга тузилган шартнома шартларида у жанговар ҳаракатлар
пайтида барча буйруқларни бажариши ва агар унга Россия Федерал хавфсизлик
хизматидан («ФСБ») боғланишса, «Вагнер» ҳақида маълумот бермаслиги, шунингдек,
эҳтимолий ўлимдан сўнг тобути ва хизмати учун пулни юбориш керак бўлган
мамлакат ва яшаш жойи манзилини кўрсатиши қайд этилганди.
Эркак, шунингдек, оила аъзоларининг сонини ва уларнинг яшаш
жойларини кўрсатиши керак эди.
У шартнома имзолагандан сўнг телефони ва шахсий буюмлари
олиб қўйилиб, ҳарбий кийим билан таъминланган. Компьютерга унинг исмини ёзиб,
Т-4949 белгиси билан бошқа, «Б» исмини қўйишган, шунингдек, АК-74 автомати
билан таъминлашган.
Сўнг кўрсатмалар беришган, компаниядаги ички тартиб
қоидаларни тушунтиришган, шерикларига шахсий маълумотларини ошкор этмаслик,
улардан шундай маълумотларни сўрамаслик, бир-бирларига шартли номлар билан
мурожаат қилиш, алоқа воситаларидан фойдаланмаслик бўйича кўрсатмалар беришган.
Бундан ташқари, агар шериклари жанг пайтида орқага чекинса,
уларни отишлари, шунингдек, жанг пайтида ярадорларга ёрдам беришлари керак эди.
Уларга спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, шунингдек,
ўзаро жанжаллашиш тақиқланган. Агар улар ўз сафдошлари ёки қўмондонига қуролни
ўқталадиган бўлса, огоҳлантиришсиз отиб ташланиши мумкин эди.
Унинг сўзларига кўра, уларга тинч аҳоли билан мулоқот қилиш,
уларнинг мол-мулкини ўғирлаш, улардан озиқ-овқат ва бошқа нарсалар олмаслик ҳам
тақиқланган. Ушбу буйруқларни бажармаслик ўлдириш билан жазоланган. Бу қоидалар
««Вагнер»нинг оғзаки олтин қоидалари» деб номланган.
У 9 нафар шериги билан бирга ҳарбий қисмнинг чодирида
яшаган, эрталаб соат 5 дан тушликкача улар жанговар тайёргарликдан ўтган:
югуриш, автомат билан позицияларни эгаллаш, ўтириш ва ётиш, ҳужум тактикасини
ўрганиш. Тушликдан сўнг улар қуроллардан фойдаланиш, уларни тозалаш ва йиғиш,
ҳаракатланаётганда миналардан ҳимояланиш, ҳужум пайтида камуфляжни ўрганган.
Эркак 2023 йил 23 июнда «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений
Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини ХҲК лагерига ракета ҳужумида айблаб эълон
қилган «адолат марши» пайтида ҳам ёрдам берган. Ўшанда ХҲК жангчилари
Ростов-Донга кириб, ҳарбий ва маъмурий объектларни эгаллаб олган, шундан сўнг,
Пригожиннинг буйруғига кўра, 25 минг кишидан иборат гуруҳнинг алоҳида қисмлари
Москва томон йўл олган ва Россия пойтахтидан 200 км узоқликда тўхтаганди.
Ўша пайтда судланувчи ва бошқа ҳарбий хизматчилар ҳарбий
буюмлар, озиқ-овқат ва тиббий буюмлар, ҳарбий кийим ва ўқ-дорилар етказиб
беришда ёрдамлашган. Бироқ қурол ишлатиш буйруғи бўлмагани учун у автоматдан
фойдаланмаган.
Шундан сўнг ХҲК жангчилари Украинага, кейин эса президент
Александр Лукашенко таклифи билан Беларусга чекинган.
Айбланувчи ҳарбий колоннада автобусда Могилёвдаги базага
(Беларусь шарқидаги шаҳар) борган. У ерда 20 сентябргача уй ишлари билан
шуғулланган, кейин уларни Подольскга олиб кетишган. Уларга хоҳловчилар Россия
фуқаролигини олиши ва паспортлари тайёр бўлгунга қадар шу ерда яшаши мумкинлиги
айтилган.
Бироқ унга паспортни олганидан кейин Африка мамлакатларига
хизмат қилиш учун юборилишини тушунтиришган. Эркак 23 август куни Пригожин
вафот этгани сабабли муддатидан олдин тугаган шартномани узайтирмаган ва 467
минг рубль (деярли 60 миллион сўм, ўша кунги МБ курси бўйича 5 минг доллар
атрофида) маошини олган.
2023 йил 24 сентябрь куни Тошкентга қайтиб келган.
Суд қарорида қайд этилишича, у Украинага қарши Луганск
вилояти (Россия босиб олганидан кейин у ер Луганск халқ республикаси деб қайта
номланган) ҳудудида жанг қилган. Шунингдек, Донецк халқ республикаси раҳбаридан
2023 йил май ойи охирида ДХРда таъсис этилган «Артемовскни озод қилганлик учун»
медалини олган.
Судья эркакни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми
(Ёлланиш, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан
айбдор деб топди ва жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбига тўлиқ иқрор
бўлиш, пушаймонлик, вояга етмаган фарзанди ва ногиронлиги бор турмуш ўртоғи
мавжудлиги) инобатга олган ҳолда, унга 4 йилга озодликдан чеклаш жазосини
тайинланди.
Унга соат 22:00 дан 6:00 гача яшаш жойини тарк этиш, оммавий
тадбирлар, митинглар, намойишларда иштирок этиш, жиноят содир этишга мойил
шахслар билан мулоқот қилиш, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланади.
Аввалроқ Юқори Чирчиқ суди Тошкент вилоятида яшовчи фуқарони
ёлланма фаолияти учун беш йилга озодликдан маҳрум қилганди. ОАВ, терговга кўра,
маҳкум 2014−2015 йилларда Украинада ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР
томонида жанг қилгани ҳақида хабар берган.