08.09.2025 17:01
142
Устоз Мубашшир Аҳмаднинг суди яна қолдирилди
Бугун, 8 сентябрь куни соат 16:00 да Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судида Устоз Мубашшир Аҳмаднинг суди давом эттирилди.
Судда қатнашиш учун қатор жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳамда Устознинг яқин қариндошлари суд биноси олдида йиғилишди. Бу сафар ҳам судга кираётганлардан овоз ёзиш, тасвирга олиш ускуналари ҳамда қўл телефонларини топшириш сўралган.
19 август куни суд иши гувоҳлар келмагани сабабли 8 сентябрга қолдирилганди. Шунга қарамай, иккинчи суд мажлисида қатнашган гувоҳлар ҳам қўйилаётган айбловлар учун етарлича далил келтира олишмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, шу боис ҳам Устоз Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар сирасидан "миллатлараро низо қўзғатиш" айблови олиб ташланган. Ўз навбатида гувоҳлардан бирининг даъвоси ҳам бекор қилинган.
Афсуски суд мажлиси яна қолдирилиб, 15 сентябрда давом эттириладиган бўлди. Бунга Устозни сўроқ қилишга вақт етмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Устоз Мубашшир Аҳмадга Жиноят кодексининг 244 прим 3 моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, кейинроқ шу модданинг 1-қисми “г” банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Орадан сал фурсат ўтиб, 156-моддаси 2-қисми ҳам ишга қўшилган.