21.02.2025 08:45

Ҳуқуқшунослар Устоз Мубашшир Аҳмаднинг ўта оғир жиноятда айбланаётгани асоссизлиги бўйича баёнот берди

“VERUM LAW FIRM” адвокатлик фирмаси “Azon” лойиҳалари ва “Azon Global”ахборт-таҳлилий портали асосчиси, Туркиядаги Ўрта Осиё халқлари “Азон” вақфи Васийлар кенгаши раиси Устоз Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) ҳақида ижтимоий тармоқлардаги ўта оғир жиноятларда айбланиб, қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан баёнот берди.  Ушбу баёнотнинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Ўтказилган адвокатлик сўровномалари асосида тўпланган ҳужжатларга кўра, А.Турсунов 24.08.2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244³-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган – “Диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса” жиноятини содир этганликда сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилинган. 

Ижтимоий тармоқларда эса гўёки Мубашшир Аҳмад «Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш» (Жиноят қодексининг 244²-моддасида)да айбланиб, қидирувга берилган”лиги ҳақидаги нотўғри ва бирор бир асосга эга бўлмаган хабарлар тарқатилмоқда.

Маълум қилинишича, ЖКнинг 244²-моддаси ҳамда 244³-моддаси бир биридан моҳиятан, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра фарқ қилади, бу моддаларнинг объекти бошқа-бошқа, яъни ЖКнинг 244³-моддасида назарда тутилган жиноят (ЖКнинг 15-моддасига кўра)ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланса, иккинчиси (ЖКнинг 244²-моддаси) ўта оғир жиноят сифатида баҳоланади ва айнан шу ҳолат ижтимоий тармоқларда одамларнинг ҳақли саволларини келтириб чиқармоқда. 

"Ҳозирда ихтиёримиздаги расмий ҳужжатларнинг нусҳаларида қайд қилинишича,Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Алишер Турсуновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244³-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган", дейилади баёнотда. 

Жиноят ишини қўзғатилишига сабаб бўлган “диний мазмундаги материаллар” деб топилган материалларни тарқатганлиги учун 02.11.2022 йилда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан Устоз Мубашшир Аҳмад МЖтКнинг 184²-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Эътиборли жиҳати шундаки, А.Турсуновни маъмурий жавобгарликка тортиш учун у томонидан тарқатилган материалларнинг моҳиятан қонунга хилофлиги эмас, балки диний материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш тартибига риоя қилинмаганлиги асос бўлган. 

Шундан сўнг, айнан шу материаллар “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “Mubashir Ahmad” номли каналида мавжудлиги асос сифатида талқин қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

А.Турсунов ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаганлиги учун унга нисбатан 22.08.2022 йилда ЖКнинг 244³-моддаси билан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган ва ушланган тақдирда (қаерда ушланишидан қатъий назар) “муносиб ҳулқ атворда бўлиш хақидаги тилхат” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра А.Турсуновга нисбатан сиртдан ЖКнинг 244³-моддаси билан айб эълон қилинган бўлсада, my.gov.uz порталида А.Турсуновнинг ЖКнинг 244²-моддаси билан айбланганлиги ва қидирув эълон қилинганлиги ҳақида нотўғри маълумот жойлаштирилган.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида юборилган адвокатлик сўровига Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан 2024 йилнинг 4 июнь куни берилган ёзма жавобда Алишер Турсунов аслида 244³ -модда билан айбланаётгани, мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилгани маълум қилинган.

"Юқоридагилардан кўринадики, фуқаро Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)га нисбатан аслида ижтимоий ҳавфи катта бўлмаган жиноятни содир этганлик бўйича иш қўзғатилган бўлсада, ижтимоий тармоқларнинг ахборот каналларида унинг ўта оғир жиноятни содир этганликда айбланаётганлиги ҳақида ҳақиқатга зид бўлган маълумотлар тарқатилиб, “информацион спекуляция”га шароит яратилмоқда", дея маълум қилди адвокатлик фирмаси. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланган. Конституциянинг нормаларини ҳар қандай сабабларга кўра ижро қилмаслик қонунбузилиш ҳисобланади. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Мубашшир Аҳмад” номи остидаги видео ва бошқа контентлардаги ахборотлар билан танишиш “жиноят” эканлиги ҳақидаги “чақириқ”лар қонуний асосларга таянилмаган. Очиқ манбааларда мавжуд бўлган ахборотлар, ўша ахборотларни олиш, сақлаш ва тарқатиш қонунда белгиланган тартибда суд томонидан чекланмагунига қадар, ноқонуний деб топилмайди.

Бундан ташқари, ҳимоя фикрига кўра, фуқаро А.Турсуновнинг айнан бир хатти-ҳаракатлари учун икки марта (хам маъмурий, ҳам жиноий) жавобгарликка тортилиши асоссиз ҳисобланиб, бу ҳақида ваколатли органларга шикоят аризалари киритилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.