15.08.2024 17:56

Яна таълим эмас мактаб формаси "долзарб" масалага айланадими ёхуд қалбдаги оғриқлар (видео)

Сентябрь ойи яқинлашгани сари мамлакатимизнинг қўштирноқ ичидаги "илғор" қатламида, таълим даражамизнинг бугунги кун талабларига қай даражада жавоб бериши қолиб, мактаб формаси масаласи кўтарилади. 

Ўзларини ҳукуматга яқин блогер деб даъво қиладиган “Дайди*ўқ” каби каналларда яна мамлакатимизнинг дунёвий давлат эканлиги ҳақидаги шахсий қарашларга асосланган постлар чиқа бошлади.

 Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, мамлакатимиздаги атеистик мафкурага эга оз сонли радикаллар ва мутасаддилар “дунёвийлик” тушунчасидан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиб, кўп сонли мусулмонларнинг эътиқоди ва қадриятларига нисбатан нафратларини ошкор қилмоқда. 

Ана шундай нафрат, аниқроғи исломофобик касалликнинг кўринишларидан бири – бу “мактаб формаси” масаласидир. Атеист радикалларининг наздида давлат томонидан бериладиган таълим динсизликка асосланган бўлса, давлат ўз фуқароларининг ҳар қандай қадрияти ва эътиқодларини писанд қилмаса, топтаса шундагина давлат дунёвий бўлади, гўё. 

Аслини олганда, конституцион тизимга кўра, давлат халқ хизматчисидир. Халқ эса, давлатга “Бизнинг фарзандларимизни ўқитиб бериш мажбуриятини оласан”, деган мажбуриятни юклаган. 

Давлат барча фуқароларига уларнинг тўлаётган солиқлари эвазига сифатли умумий ўрта таълимни таъминлаб бериши керак. Давлат таълимни шу соҳадаги профессионаллар – давлат хизматчилари орқали амалга оширади. Давлатнинг дунёвийлиги инсонларнинг эркинлиги ва эътиқодларини топташ эвазига эмас, балки динга оид билимларни мажбуран ўқитмаслигида намоён бўлади.

Афсуски, мамлакатимиздаги сохта либераллар, аслида радикал атеистлар,  давлатнинг дунёвий эканлигидан ўзларининг исломофобик бузғунчи ғояларини амалга оширишда фойдаланмоқда.

Улар тарихимизни, бугунги Ғарб тараққиётидаги асли мусулмон ота-боболаримизнинг ҳиссасини рад этиб, ўзларининг динсизликка асосланган Ленин, Маркс, Энгельс каби "доҳий"ларининг ғояларини тарғиб қилишади.

Хўш, давлат дунёвий бўлса, ундаги мактабларда диний ва миллий либосларга ўрин йўқми? Ҳақиқатдан ҳам, “Дайди *ўқ” каби радикал атеистлар даъво қилганидек, мактаб ўқувчилари таълим олиши учун динидан, эътиқодидан, урф-одатидан, ҳатто ҳаёсидан ҳам мосуво қилиниши шартми?

Ушбу саволга жавоб бериш учун аввал келинг, диний либос тушунчасини шарҳлаб ўтайлик.

Исломий эътиқодимиз ва маданиятимизга кўра, эркак ва аёллар тана қисмининг белгиланган қисмини беркитган ҳолда кийиниб юришлари талаб этилади. Ушбу талаб, авваламбор, турли фитналарнинг олдини олишга, эркакка эркакча, аёлга нозик жинс вакилаларига хос муомила қилиш, шунингдек уларнинг шаъни ва номусини ҳимоя қилишга қаратилган. 

Мисол учун, аёлларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг эркинлиги, ҳурлиги, ҳимоя остидалиги, шунингдек ижтимоий ҳолатини намоён қилади. Аниқроғи, либос аёлларнинг ижтимоий мавқейини янада юксалтиради. 

Сатр - яъни баданнинг белгиланган қисмларини ёпиб юриш, исломий эътиқод, маданият ва инсоний фитратдан келиб чиқиб белгиланган. Бундан ташқари, бизнинг динимиз, дунёқарашимиз ва маданиятимиз либосларимизнинг поклиги, тозалиги ва гўзал бўлишини ҳам талаб этади. Поклик ҳам диний либос талабларидан биридир. 

Радикал атеистларнинг исломофобик даъволарига кўра, агар давлат дунёвий бўлгани учун ўзи аслида хизматкори бўлган халқининг динсиз бўлишини талаб этса, яъни ибо-ҳаёдан келиб чиқиб танланган либосларни тақиқласа, унда фуқароларнинг ярим яланғоч, кир ва рўдапо либосларда юришини талаб қилиши керак. Зеро, сатр, поклик ва гўзаллик Исломий қадриятларга хосдир. 

Иккинчидан, дунёвийлик тамойили фуқароларнинг урф-одатларининг камситилишига йўл қўйилиши дегани эмас. Давлат дунёвийми, марҳамат юқори даражадаги таълим берилсин! Биз жуда яхши биламизки, илмни  диний ва миллий қадриятлардан воз кечибгина ўрганиш мумкин деган "аксиома" ҳеч қаерда ёзилмаган. Бугун энг замонавий учоқларни ишлаб чиқараётган Селчук Байроқдорлар ҳам мусулмонлардан чиққан  Мана шу ҳақиқий дунёвийлик.

Таълим ҳам давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбурияти экан, уни фуқаролар ҳуқуқларига зиён етказмаган ҳолда, сифатли амалга ошириши керак.

Бугунги кунда давлат дунёвий бўлса, мактабларда миллий ва диний урф-одатларга йўл йўқ, дейилиши французча радикал атеистик мафкуранинг бир кўринишидир. Аввалроқ таъкидлаганимиздек, француз радикал инқилобчи секулярларининг ғоялари мамлакатимизнинг радикал атеистлардан иборат блогерлари ва баъзи амалдорлар орасида тарқалган. Бундай дунёқараш эса, Париж олимпия ўйинларининг очилиш маросими мисолида, қандай разилликларга олиб келишини кўрдик.

Ўзбек атеист, исломофоб сиёсатчиларининг орасида “дунёвийлик” дейилганда фақат фаранцузча радикал дунёвийлаштиришни ўйлашлари халқимиз, миллатимиз учун таҳдид ҳисобланади. Зеро, дунёвийлик фақат французча радикал атеизмдан иборат эмас.

Келинг, дунёдаги энг илғор дунёвий давлатлар ва ундаги мактаб формаларига бўлган муносабатни кўриб чиқамиз:

Туркия - ушбу давлат дунёвий бўлиши билан бирга, 2013 йилдан бошлаб мактабларда қизларнинг рўмол ўраб юришларига рухсат берган.

Индонезия - энг кўп мусулмон аҳолига эга дунёвий давлат. Мактабларда рўмол ўрашга рухсат берилган.

Канада - ривожланган дунёвий давлат. Ҳукумат мактабларда миллий, диний ва маданий либосларни кийишга рухсат берган.

Жанубий Африка Республикаси - дунёвий ривожланган давлат. Мактабларда миллий ва диний либосларга рухсат берган.

Австралия - ривожланган дунёвий давлат. Мактабларда рўмол ўрашга рухсат берилган.

Энг ривожланган дунёвий давлат бўлган АҚШдаги ҳолат ҳам бизнинг радикал атеистларни қувонтирмайди. Чунки, замонавийликнинг энг юксак чўққиси ҳисобланган, юксак технологияларга эга давлат Конституцияси диний эркинликни кафолатлайди, бу эса диний эътиқодни либос орқали ифода этиш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади. Бундай эркинлик давлат мактабларига ҳам тегишли бўлиб, ўқувчиларга ҳижоб, дўппи, рўмол каби кийимларни кийишга рухсат беради.

Америка қонунчилигига кўра, дунёвий давлатчилик диний амалларни чекловчи қонунларни қабул қила олмайди. Шундан келиб чиқиб, мактабларда миллий ва диний қадриятларга асосланган либосларни кийишни ҳам тақиқлай олмайди. АҚШ Олий суди ўз фаолияти давомида бир неча ҳолатда ўқувчиларнинг диний кийимларини кийиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаган. АҚШ мактаблари ягона кийиниш формаларини жорий қилиш ҳуқуқига эга бўлсалар-да, бундай талаблар миллий ва диний эътиқодларни тақиқлаш эвазига бўлиши керак эмас. Агарда бундай тақиқлар жорий қилинмоқчи бўлса, дастлаб унинг хавфсизлик ва тартибни сақлашга хизмат қилиши илмий асосда исботланиши керак. 

Шундай қилиб, энг ривожланган дунёвий давлат АҚШ давлат мактабларида диний кийимларни кийишга нисбатан энг кенг рухсат берувчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Хўш, Франциядагидек радикал дунёвийликдан ташқари, бошқа кўплаб ривожланган дунёвий давлатларда давлат мактабларида диний либосларга рухсат берилган экан, нимага биз, ўзбек қоракўзлари ўз мактабларимизда ўзбекона, миллий, маданий ва гўзал усулда рўмолларни ўраганимиз учун радикал атеист ва айрим мактаб директорларидан дакки эшитишимиз керак?

Ахир давлат бизнинг миллий, маданий ва диний ишларимизга аралашмаслик, эътиқодимизга қараб камситмаслик ҳамда таҳқирламаслик кафолатини олган эмасми? 

Нима сабабдан бир нечта радикал атеистларнинг дунёвийлик ҳақидаги хаёлларини деб ўз юртимизда миллий либосларимизни кия олмаслигимиз, ҳар йили сентябрь ойи яқинлашганида мастура қизларимизни ҳеч ким уршмайдими, сўкмайдими, қўлини бигиз қилиб кўрсатмайдими, деган қўрқув остида яшашимиз керак?!

Дин душманлари томонидан молиялаштириладиган, аслида билими ҳам ҳаминқадар бўлган чаласавод атеистларнинг зулмга асосланган чақириқларидан азият чекишимиз керак?  

Биз ўз давлатимизда яшяпмизми ёки бегона, ёт ғояларни тарғиб қилувчи атеистлар ҳукмронлиги остидаги давлатдами?!

© Тарих ва сиёсат


Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.