16.05.2025 10:50
55

Туркиялик адвокат Иброҳим Эргин: Мубашшир Аҳмад ҳеч бир қонунни бузмаган!

Мубашшир Аҳмаднинг ҳибсга олиниши масаласида Туркия Миграция бошқармаси (Göç idaresi)га раддия

Туркиялик адвокат Иброҳим Эргин Х ижтимоий тармоғида Туркия Миграция бошқармаси (Göç idaresi)нинг устоз Мубашшир Аҳмаднинг Истанбулда қўлга олиниши ва Ўзбекистон ҳукуматига топширилиши юзасидан жамоатчилик эътирозлари бўйича баёнотига раддия берди. Ушбу раддияни тўлиқ ҳолда ўзбек тилига таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола этамиз.

Миграция идораси томонидан эълон қилинган баёнотда устоз Алишер Турсунов жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид туғдиргани сабабли уни депортация қилишга қарор қилингани айтилган. Бироқ мазкур иддао ҳам Туркия Республикасининг ваколатли органлари, ҳам халқаро ҳамжамиятнинг қонуний ва конкрет асосига таянмагани аниқ. Ҳурматли устоз на Туркияда, на Ўзбекистонда, на бошқа бирор давлатда жамоат тартибини ёки хавфсизлигини бузадиган бирор ҳаракатни амалга оширмаган, ёхуд унинг жиноят содир этгани ўз исботини топмаган. Очиқ-ойдин қайд этиш зарурки, бу жараён фақатгина Ўзбекистон идоралари юборган информацион характердаги ва қонуний жиҳатдан ўз аксига эга бўлмаган маълумотлар таъсирида бошланган. Шу нуқтаи назардан, депортация қилиш ҳақидаги тегишли қарорнинг 6458-сонли “Хорижликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисида”ги қонуннинг 4 ва 55-моддаларида қайд этилган тамойил ва асослар доирасида баҳолангани бўйича бирорта ҳам ишора мавжуд эмас. Бу масала бўйича қилган мурожаатларимизга берилган салбий жавоблар қонуний назорат процедураси ишга солинмаганлигини кўрсатмоқда.


Устоз Алишер Турсунов аввал, 28.12.2023 санасида Ўзбекистондан келган ва кейинчалик иш юритуви тўхтатилган бир жиноий айблов туфайли уйидан олиб кетилган эди. Ўша куни Истанбул вилояти миграция идораси уни депортация қилиш ва маъмурий тартибда ушлаш ҳақида қарор қабул қилди. 31.12.2023 санасида депортация тўғрисидаги қарорга қарши даъво очилиб, идорага тақдим этилди. Қарийб икки ой давомида Депортация марказида ушлаб турилганидан кейин Истанбул 2-сонли жиноят ишлари бўйича тинчлик судининг қарорига кўра қўйиб юборилди.


Қўйиб юборилган кундан бошлаб ҳар душанба куни Кумкапи мувофиқлаштириш марказига бориб, имзо қўйиш мажбуриятини тўлиқ бажариб келди. Бу жараёнда депортация ҳақидаги қарорга қарши биз юритган даъво натижасида Истанбул 15-сонли маъмурий суди ушбу қарорни БЕКОР қилди. Миграция идораси баёнотидан ўрин олган даъвони рад этиш тўғрисидаги қарор бўйича бирорта ҳужжат тақдим этилмади ёки маълумот берилмади, биз бу қарорни ололмадик. Тегишли суд (15-сонли маъмурий суд) қарори эса иловада келтирилган.


Агар депортация қилиш тўғрисида чиндан ҳам кучга кирган қарор бўлганида, ҳурматли устоз ҳар ҳафта имзо қўйиш мажбуриятини бажараётган пайтда ушланган бўларди. Бироқ бундай бўлмаган. Бунинг ўрнига 2025 йилнинг 8 май куни уйида ўтказилган операцияда қўлга олинди. Оиласига ва адвокатларига хабар бермасдан, ҳатто дориларини олишига ва шахсий эҳтиёжларини қондиришига рухсат бермасдан номаълум томонга олиб кетилди. Орадан 8 кун ўтган бўлса-да, оиласи ва адвокатлари у билан боғлана олмаяпти. Бу ҳолат қонунларга ва инсон ҳуқуқларига зиддир. Жамоатчилик орасида унинг Ўзбекистонда вафот этгани ҳақида иддаолар айланиб юрибди ва бу хавотир тобора кучаймоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.