Истанбулда 79 йил муқаддам музейга айлантирилган собиқ Кария масжиди 4 йиллик таъмирлаш-тиклаш ишларидан сўнг масжид сифатида фаолиятини қайтадан бошлади. У худди Аясофя масжиди сингари сайёҳлар ва намозхонлар учун алоҳида киришга эга бўлади.

Орадан 79 йил ўтиб, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Кария масжиди (собиқ Хора насроний монастири) 4 йил давом этган таъмирлаш-тиклаш ишларидан сўнг намозхонлар учун ўз эшикларини очди. Бу ҳақда Yeni Şafak нашри хабар бермоқда. 

Маълум бўлишича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан ибодат учун очиладиган масжид Аясофя масжиди (собиқ Муқаддас София собори) намунасида ишлайди. Масжиднинг девор ва шифтлардаги расмлар бекитилган.

Шунингдек, сайёҳлар гид билан ташриф буюрадиган ҳудудлар ҳам белгилангани хабар қилинди. Бундан ташқари, кўплаб тилларда масжид тарихи ҳақидаги маълумотлар берилган.

Кария масжиди Византия империяси даврида XI асрда насроний ибодатхонаси сифатида барпо этилган. Усмонли империяси даврида XVI асрда масжидга айлантирилган. Туркия Республикаси ташкил этилганидан сўнг эса музей сифатида фаолиятини давом эттирган.

Объект 1985 йилда ЮНЕСКО мадания мероси рўйхатига киритилган.

Мавзуга алоқадор