27.12.2023 11:03

Туркияда малакали ишчилар етишмовчилиги кузатилмоқда - Frankfurter Allgemeine

Қарийб 85 млн киши истиқомат қилаётган, аҳолининг ўртача ёши 32 ни ташкил этувчи Туркияда ишчилар етарли эмас, деб ёзмоқда Германиянинг Frankfurter Allgemeine нашри.

“Биз саноатчилар ҳамма жойда ишчи кучи танқислигини бошдан кечиряпмиз ва бу хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам тааллуқли”, - дейди TAYSAD автомобиль етказиб берувчилар уюшмасидан тадбиркор Алпер Канжа. Истанбул яқинидаги саноат паркини бошқарадиган Канжа нашрга иккита ҳолатда ишчи кучи танқислиги сабабли инвесторлар сармоя киритишдан воз кечганини таъкидлаган.

Ишчи кучи танқислиги 60 фоизлик инфляцияга учраган иқтисодиёт учун янги муаммога айлангани таъкидланмоқда. Буни Истанбул чет эл савдо палатаси (AHK) томонидан ўтказилган олти ойлик вазият таҳлилларидан ҳам кўриш мумкин. Унга кўра, Туркиядаги немис компанияларининг 43 фоизи малакали ишчи топишдан хавотирда. Бутун дунёдаги вазият билан солиштирганда, компанияларнинг ўртача 37 фоизи бу муаммога дуч келади.

Маҳаллий немис компаниялари тобора кўпроқ ташвишланмоқда

“Германия компаниялари Туркияда муносиб малакали ишчиларни топишдан тобора кўпроқ ташвишланмоқда”, дейди AHK бошқарув кенгаши аъзоси Тило Пал. Чет тилларини биладиган юқори малакали мутахассислар хорижда яхши ҳақ тўланадиган ишлар қидиришмоқда ва маҳаллий қўшма корхоналар улар учун чет элга кетишда трамплин вазифасини бажармоқда: "Туркиядаги немис компаниялари учун ишлаш кўпинча Германия ва Европа сафарида тўхташ жойи сифатида қабул қилинади. Чунки улар виза олиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди". Пал бу тенденцияни хавотирли деб атайди. Инвестициялар кўпроқ малакали ишчи кучи мавжудлигига боғлиқ. “Кенг академик ва касбий таълимга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилиши Туркиянинг жозибадорлигини янада ошириш ва ушбу давлатга кўпроқ инвестициялар кириб келишига сабабчи бўлади”, - дейди у.

Қайд этилишича, йиллар давомида ишчилар сони ортиб бормоқда. 2005 йилда статистика идораси атиги 18,2 млн кишини ҳисоблаган бўлса, жорий йилнинг кузида бу рақам 32 млн га етди. Ўз навбатида, ишлаб чиқаришдаги иш ўринлари 4 млн дан 6,6 млн га, хизмат кўрсатиш соҳаси эса икки баробарга ошиб, 18 млн га ошди. Бандлик даражаси эса 53,6 фоиз - Германияда бу кўрсаткич 77,5 фоизни ташкил этади.

Муҳожирлар асосан маҳаллий аҳоли банд бўлган қора ишлар билан шуғулланмоқда 

Расмий Анқаранинг мамлакатда расман 5 млн қочқин яшаётгани ҳақидаги маълумотлари айримларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Улар одатда маҳаллий аҳоли банд бўлган соҳалар – қишлоқ хўжалиги, қурилиш, чиқиндиларни йиғиш, болаларни парваришлаш каби ишлар билан – аксарият ҳолларда норасмий равишда - шуғулланмоқда. Бироқ, анқаралик фуқаролардан бирининг айтишича, гарчи суриялик, афғон ва бошқа хорижликларни депортация қилиш фикрини ҳар беш турдан тўрт нафари қўллаб-қувватласа ҳам, асосий ҳудудларда жуда кўп оилалар тўсатдан энага ва уй хизматчиларисиз қолиши мумкин.

Таъкидланишича, хорижий сармоядорларга таяниб, ишлаб чиқаришни кенгайтираётган ҳукумат учун ишчи кучи масаласи ҳам хавотирли бонг чалиши лозим. Қолаверса, бу муаммо фақатгина Истанбул, Анқара ёки Измир каби иқтисодий марказлар билан чекланаётгани йўқ. Марказий Анадолудаги Кониядаги вазият Сурия билан чегарадаги Газиантепдаги каби таранг.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.