15.07.2024 16:30

Туркияда давлат тўнтарилишига уринишга 8 йил тўлди

2016 йил 15 июль кечаси Туркияда демократик йўл билан сайланган ҳукуматни ағдаришга қаратилган хоинона давлат тўнтаришига уриниш амалга оширилди. Фатҳуллоҳчи террор ташкилотининг тўнтариш ташаббуси Истанбулдаги кўприкларнинг ёпилиши ва танкларнинг кўчаларга кириши билан бошланди.

Кўплаб давлат муассаса ва ташкилотлари, энг аввало Туркия Буюк Миллат Мажлиси, Президент мажмуаси ва Анқара вилояти Хавфсизлик бошқармаси бомбардимон қилинди. Тез орада бу воқеаларнинг алоҳида ҳодиса эмас, балки мувофиқлаштирилган ҳужум эканлиги маълум бўлди.

Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти (FETÖ) Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга суиқасд уюштириш мақсадида ҳужум қилди. Президентимизнинг миллий телевидение орқали қилган чақириғидан сўнг халқимиз ўз демократиясини ҳимоя қилиш учун майдонларга чиқди. Миллионлаб фуқароларимиз туни бўйи давлат тўнтаришини режалаштирган террор ташкилотига қарши курашди.

16 июль тонгида Турк Қуролли Кучлари, Хавфсизлик бош бошқармаси ва ўз демократиясини ҳимоя қилган халқимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳиёнаткорона тўнтариш ташаббуси бостирилди ва тўнтариш ташаббускорлари қўлга олинди. Ҳарбий ва ноҳарбий аҳолидан жами 252 ватандошимиз шаҳид бўлди, 2740 фуқаромиз эса жароҳатланди. 15 июль кечаси Махсус кучлар қўмондонлигини ҳимоя қилиш учун жони эвазига қаршилик кўрсатган ва тўнтаришнинг асосий жамоаси таркибида бўлган генерални таъсирсиз ҳолга келтирган шаҳид Ўмер Халисдемир каби қаҳрамонлар тўнтарувчиларга қарши тўсиқ бўлди. Фуқароларимиз ёпилган Бўғоз кўпригида ҳаётларини хавф остига қўйиб, уларнинг жонига қасд қилишга уринган давлат тўнтарувчиларини зарарсизлантиришга муваффақ бўлди. Бу халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, азму шижоати синовдан ўтган тарихий лаҳзалардан биридир.

Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уринишнинг дастлабки дақиқалариданоқ тартибни ўрнатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кўрди. Бу жараёнда, президентимиз ва ҳукумат вакилларининг баёнотларига кўра, тўнтариш ташаббуси қўмондонлик тузилмасининг назоратидан ташқарида – Турк Қуролли кучлари ичига сизиб кирган ноқонуний гуруҳ томонидан амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Тўнтариш ташаббуси ортида FETÖ ташкилоти тургани аниқланди. АҚШда истиқомат қилувчи ташкилот раҳбари бу ҳиёнатни давлат ичидаги параллель тузилмаси ёрдамида амалга оширгани маълум бўлди.

Ғалаба нафақат Туркияда, балки бутун дунёда демократия тарихидаги энг шарафли қаршилик кўрсатишлардан бири сифатида қайд этилди.

Бугун ҳам курашини давом эттираётган Туркия, айниқса, чет элда яширинган қочқинлар ва FETÖ етакчиларининг экстрадиция қилиниши масаласида дўст ва иттифоқдош давлатлардан бирдамлик кутмоқда. Халқаро ҳамжамиятда Туркияни қўллаб-қувватлаган ва бирдам бўлган давлатлар кўп бўлса-да, тўнтариш ташаббусига баъзи иттифоқчиларимизнинг жавоби етарли бўлмади.

Бу давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида давлат тўнтаришига уринишнинг ёритилиши ҳам Туркия давлатини қаноатлантирадиган даражада бўлмади. Халқаро масъулиятли Ғарб оммавий ахборот воситалари 15 июль кечаси содир бўлган воқеаларни соддалаштиришга ҳаракат қилди. Мамлакатимиз демократиясини нишонга олган қонли тўнтариш ташаббусини “икки томон ўртасидаги тўқнашув” шаклидаги ҳаққоний бўлмаган ибора билан хабар қилдилар.

15 июлдаги хоинона давлат тўнтаришига уринишдан сўнг Пенсильванияда уя қурган ташкилот раҳбарини экстрадиция қилиш учун кўплаб уринишларга қарамай, иттифоқдошимиз АҚШдан ижобий жавоб ололмадик. Демократиямизга раҳна солгувчи таҳдид мавжуд бўлган пайтда бундай позиция эгаллаш биз учун афсусланарли.

Биламизки, FETÖ иттифоқдош давлатларимиз билан бир қаторда, кенг миқёсдаги минтақаларда ҳам фаолиятини давом эттирмоқда. Нафақат Туркия, балки унга чегарадош барча давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид солаётган бу қўпорувчилик ташкилотига қарши ҳар соҳада курашни давом эттирамиз.

Хоинона тўнтаришга уринишдан сўнг демократик ташкилотларни янада мустаҳкамлаган давлат сифатида фуқароларимиз ҳаётини ва мамлакатимиз мустақиллигини ҳар соҳада нишонга олган террор ташкилотига қарши курашда бардавом бўламиз.

Ўша қонли кечада жонини фидо қилган фуқароларимиз хотирасини Туркиянинг мустақиллиги ва истиқболини ҳимоя қилган ҳолда шарафлашда давом этамиз.

Профессор Фаҳреттин Алтун

Туркия Республикаси президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.