05.01.2024 09:48

Туркия ҳукумати Исроил билан савдо айланмаси ошгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Туркия ҳукумати мухолиф оммавий ахборот воситаларининг Исроил билан савдо айланмаси ошгани ҳақидаги даъволарини рад этди: Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 7 октябрдан буён бу кўрсаткич йиллик 45 фоизга камайган.

"Баъзи оммавий ахборот воситаларида Исроилга экспорт ҳажми ошгани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тижорат ишлари Исроилнинг яҳудий қисми билан эмас, балки ишғол остидаги Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо ҳамда Исроил фуқароси ҳисобланган 2,2 млн фаластинлик билан амалга оширилмоқда”, - дейилади Савдо вазирлиги баёнотида.

Вазирликнинг қайд этишича, Фаластин ҳудудига йўналтирилган ҳар қандай товарлар у ёки бу тарзда Исроил божхоналаридан ўтади.

Маълумотларга кўра, 2022 йил 7 октябрдан 31 декабргача Туркиянинг Исроил билан товар айирбошлаш ҳажми 2,32 млрд долларни, 2023 йилнинг шу даврида эса 1,28 млрд долларни ташкил этган ва шу билан 45 фоизга қисқарган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда исроиллик аскарларнинг контейнерлардан катта миқдордаги Туркияда ишлаб чиқарилган иссиқ (термал) ички кийимларни тушираётгани акс этган видео тарқалган эди. Туркия Дезинформацияга қарши маркази босқинчи Исроил армиясига иссиқ ички кийимлар жўнатилганини рад этиб, ижтимоий тармоқларда айланиб юрган видеолар эски эканини маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.