16.06.2024 08:32

Туркия Суданда 1500 бош чорва молини қурбонлик қилди

Бугун, Қурбон ҳайити куни Суданда Туркиянинг дин ишлари бўйича бошқармаси ва диний жамғармаси (ТДЖ) иштирокидаги ишончнома дастурига мувофиқ 1500 бош чорва моллари қурбонлик қилинди. Бу ҳақда "Анадолу" ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ТДЖ 2024 йилги ишончнома дастури бўйича тайёргарликни якунлаган. Айни пайтда фонд иши Суданнинг икки минтақаси – Атбара ва Кассалани қамраб олади.

Фонднинг хайрли ишларига кўнгилли сифатида иштирок этаётган Меҳмет Барак ҳам нашр билан суҳбатда байрам учун барча тайёргарликлар кўрилганини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, бу йил хайрия дастурлари орқали дунёнинг 80 мамлакатида байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, Барак жамғармани қўллаб-қувватлаётгани учун Туркия фуқароларига миннатдорлик билдирган.

Маълумот учун, бир йилдан буён фуқаролик урушидан азият чекаётган 50 миллион аҳолига эга Суданда 15 минг тинч аҳоли қурбон бўлди, 25 миллион киши очликдан азият чекмоқда ва 11 миллион киши ўз уйларини тарк этган. Украинадаги уруш ҳақида жар солаётган халқаро ҳамжамият Судандаги мавжуд ҳолатга кўз юммоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.