05.11.2024 15:35

Туркия Қирғизистоннинг 58,8 млн долларлик қарзидан воз кечди

Туркия Қирғизистоннинг мамлакат олдидаги ташқи қарзидан кечди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров 5 ноябрь куни Бишкекда Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдоған билан музокарадан сўнг маълум қилди.

«Ҳурматли президент Эрдоғанга Қирғизистон Республикасининг Туркия Республикаси олдидаги ташқи қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қабул қилинган қарор учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман», — деди у.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков қарз миқдори 58,8 миллион долларни ташкил этгани ва у «яшил иқтисодиёт» лойиҳаларини амалга ошириш эвазига ҳисобдан чиқарилганини билдирди.

Шу билан бирга, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга 1-даражали «Манас» ордени (республиканинг олий давлат мукофоти)ни топширди.

Бундан ташқари, Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг Бишкек сафари чоғида Туркия ва Қирғизистон ўртасида 19 та шартнома имзоланди.

▪️ Ўзаро муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш тўғрисидаги қўшма декларация.

▪️ Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим.

▪️ Ҳайвонлар саломатлиги, ҳайвонлар ва чорвачилик маҳсулотлари савдоси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим.

▪️ Миграция соҳасида ҳамкорлик меморандуми.

▪️ Қарзни енгиллаштириш ва иқтисодий-молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича ўзаро англашув меморандуми.

▪️ Мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим.

▪️ Энергия, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш соҳасида ҳамкорлик меморандуми.

▪️ Аудиовизуал хизматларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича келишув.

▪️ Орган трансплантацияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги протокол.

▪️ Бишкек шаҳрида Ражаб Тоййиб Эрдоған номидаги Қирғизистон-Туркия давлат дўстлик касалхонасини очиш, биргаликда фойдаланиш ва топшириш тўғрисидаги келишув.

▪️ Қирғизистон фуқароларининг Туркияда тиббий ва ўрта махсус таълим олишлари бўйича келишув.

▪️ Маҳсулот хавфсизлиги ва бозорни текшириш соҳасида ҳамкорлик меморандуми.

▪️ Туркия Республикаси Миллий хавфсизлик кенгаши ва Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми.

▪️ Ходимларни бошқариш бошқармаси ҳамда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат хизмати ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми.

▪️ Туркия Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат архиви ва Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома.

▪️ Туркия Республикаси президенти ҳузуридаги Молия бошқармаси Президиуми ва Қирғизистон Республикаси Миллий банки ўртасида ўзаро англашув меморандуми.

▪️ Кинолар фаолиятида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома.

▪️ Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми.

▪️ Туркия ва Қирғизистон ўртасида гидроэлектр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича доиравий келишув.

Жумладан, 5 ноябрь куни Туркиянинг İhlas Holding  холдинги Бишкек билан энергетика соҳасидаги 7 миллиард долларлик келишувга эришди. Холдинг Қирғизистонда энергетика соҳасида фаолият юритувчи Orta Asya Investment Holding Inc.’нинг 30 фоиз акцияларини номинал нархда сотиб олди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.