25.05.2024 08:46
Туркия араб давлатлари билан Марказий Осиёда хамкорлик қилмоқчи
Туркия ва араб давлатлари Африка ва Марказий Осиёда ҳамкорликда иш олиб боради. Бу ҳақда Туркия молия вазири Меҳмет Шимшек маълум қилди. Шимшек, шунингдек, Туркиянинг Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёга дарвоза вазифасини бажараётганини, араб дунёсининг эса Туркия учун Осиё ва Африка ўртасида боғловчи бўлиш салоҳияти катта эканини таъкидлади.
Туркия Молия вазири Меҳмет Шимшек Истанбулда икки кун давом этган Халқаро араб банклари саммитида нутқ сўзлади.
Унда Меҳмет Шимшек Туркия ва араб дунёсининг кучли иштироки борлигини, лекин ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганини таъкидлади.
Жума куни ниҳоясига етган икки кунлик тадбир президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳомийлигида Араб Банклар Иттифоқи томонидан уюштирилди.
Шимшек, шунингдек, Туркиянинг Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёга дарвоза вазифасини бажараётганини, араб дунёсининг эса Туркия учун Осиё ва Африка ўртасида боғловчи бўлиш салоҳияти катта эканини таъкидлади.
“Бизда яхши сиёсий муносабатлар мавжуд ва биз бу имкониятлардан фойдалана оламиз”, - деди у.
"Аввало, энг яхши ечим - эркин савдо шартномаларини тузиш, бу эса кўпроқ тараққиёт ва фаровонликни яратади. Ўйлайманки, эркин савдо келишувлари, албатта, савдо ва сармояни рағбатлантиришга ёрдам беради", - дея қўшимча қилди Туркия молия вазири.
Шунингдек, Туркия туризмни ривожлантиришга ёрдам бериши ва араб дунёсини инсон ресурслари билан таъминлаши мумкин. Бу Туркия ва араб дунёси биргаликда кўп иш қилиши мумкин бўлган соҳадир, деди вазир.
Туркиянинг глобал миқёсдаги лойиҳалари билан Хитойдан кейин иккинчи энг катта қурилиш секторига эга эканлигини эслатиб, бу ҳам ҳамкорлик учун истиқболли соҳа эканлигини қўшимча қилди.