07.12.2023 14:37

Тошкентда Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрнига бағишланган анжуман ўтказилди

Тошкентда Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрнига бағишланган анжуман ўтказилди

5-6 декабрь кунлари Тошкентда “Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни” мавзусида халқаро конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ахборот агентлиги (ЎзА) хабар қилди.

Анжуманда Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари турли мавзуларга бағишланган маърузалари билан қатнашди.

Туркий халқлар тарихини янада чуқурроқ ўрганиш, сиёсий, иқтисодий, маданий, географик ўтмишини талқин қилиш, миллий-маданий ўзлигига таяниб муштарак тарихини, бирлик ва қардошлик ғоясига хизмат қиладиган манбаларни яратиш ва келажак авлод учун етказиб бериш анжуман мақсадини ташкил этди.

Тадбирни кириш сўзлари билан очиб берган Туркий давлатлар география кенгаши бош котиби Ойбек Норинбоев бой маданият, тарихга эга Туркий давлатлар фаолиятидаги самарали ҳаракат, тарих билан боғлаганда Туркистоннинг беқиёс ўрни хусусида фикр юритди.

Шунингдек, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Истанбул Тижорат университети ректори Абдулҳамид Авшар, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё нутқ сўзлаб, халқаро конференциянинг бугунги кундаги тарихий аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди.

“Халқаро конференция доирасида турк олами ҳамкорлиги, буюк Туркистоннинг беқиёс ўрни, бугунги Туркий давларлар ташкилоти фаолиятидаги аҳамиятини муҳокама қилдик, – деди Туркиянинг Селчук университети Адабиёт факультети профессори Мустафо Демиржи”.

Тадбирда, шунингдек, Туркий давлатлар олимлари ўртасидаги қўшма лойиҳаларсиз мақсадларга эришиш мушкул экани маълум қилинди. Шу боис, ўзаро бирлашиш, ҳамкорликда ишларни ривожлантириш зарурлиги ҳам айтилди.

Анжуман доирасида туркий бирлик, турк дунёсининг қадим ўтмиши, Туркистон давлатчилиги, туркийлар маданияти ва санъати, Туркистон халқларининг фанга, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси мавзуларидаги маърузалар тингланди.

“Бугун биз давлат раҳбарлари ижобий мисолларида кўряпмизки, Туркий халқларга бугун аҳиллик, бирдамлик, жипслик керак, – деди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа. – Бугун биз ҳатто битта ўрта туркий тилда гаплашмоқчимиз. Гарчанд жуғрофан ҳар хил қитъаларда жойлашган бўлсакда, туркий давлатлар ҳамкорлиги бизни бирлаштирмоқда”.

Илмий-амалий йиғилишда “Туркистонда сиёсат ва бошқарув, Туркий давлатчилик анъаналарининг асослари”, “Туркистонда илм-фан ва маданият ёхуд Ўрта аср классик Ислом маданияти тимсолида Мовароуннаҳр”, “Туркистоннинг меъморий обидалари ва санъати”, “Туркистоннинг Туркий ва минтақа халқлари ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти”, “Туркистон ва Туркий дунё” каби мавзуларда тақдимотлар намойиш этилди.

Анжуманнинг амалий натижаси сифатида маърузачи олимлар, иштирокчиларнинг илмий мақолалари алоҳида тўплам шаклида нашр этилади. 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.