Туркий давлатлар қўшма CubeSat сунъий йўлдошини ишлаб чиқади
Туркий давлатлар ташкилоти қўшма кичик CubeSat (Кубсат) сунъий йўлдошини яратиш учун махсус муҳандислар гуруҳини шакллантиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Туркия космик агентлиги томонидан ташкил этилган Space Technology Conference анжумани доирасида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) космик агентликлари раҳбарларининг 3-йиғилишида иштирок этиш учун Анқарага келган ТДТ бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов Anadolu агентлигига маълум қилди.
Азимовнинг таъкидлашича, учрашув жуда самарали ва муваффақиятли
ўтган. Мазкур учрашувда,
шунингдек, иккинчи Туркия космик оромгоҳининг (Space Camp Turkiye) ўтказиш жойи
бўйича фикр алмашилган. Биринчи Space Camp Turkiye ўтган йили Бурса шаҳрида
ўтказилган эди.
Бундай тадбир ёшларнинг космик фанлар бўйича хабардорлигини
оширишга ёрдам беради, деди ТДТ
бош котиби ўринбосари.
“Бошқа томондан, бундай тадбирлар ёшларни бирлашишга, ҳамжиҳатлик ва умумий келажакка ишончни мустаҳкамлашга имкон беради”, – деди у.