14.06.2024 09:00
Турк разведкаси "Моссад" жосуслик тармоғини фош қилди
Туркия Миллий разведка ташкилоти (МИТ) Европада кузатув ишларини олиб борган Исроил ташқи разведка хизмати (Моссад) агентларини фош қилди. Бу ҳақда "Sabah" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, жосуслар апрель ойида Истанбулда қўлга олинган.
Нашр ушбу иш юзасидан олиб борилаётган тергов тафсилотларини қўлга киритган. Қайд этилишича, жосуслик гуруҳида 9 киши бўлган ва улардан 8 нафари 2023 йилда фош этилган. "Моссад" аъзоларининг олти нафари махфий ҳукумат маълумотларини қўлга киритиш, шунингдек, сиёсий-ҳарбий жосусликда айбланяпти. Айни пайтда гуруҳ аъзоларидан бири – асли ливанлик шахс қидирилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, жосуслик тармоғи раҳбари суғурта компанияси эгаси Аҳмед Эрсин Тумлужали бўлган. "Моссад" томонидан жўнатилган топшириқларни бажаришда унга оила аъзолари ҳам кўмаклашган. Улар Германия, Туркия, Грузия ва Ливанда сионистларни қизиқтирган шахсларни кузатган ва суратга олган.
Шунингдек, Тумлужали Европанинг турли давлатларига бориб, "Моссад" координаторлари билан учрашиб турган. Тергов пайтида у “жосуслик фаолияти” учун 300 минг еврогача ҳақ олишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Исроилнинг машҳур "Темир гумбаз"ини "кўр" қилиб, ҲАМАС ракеталари қаршисида ожизга айлантирган фаластинлик ҳакерни ўғирламоқчи бўлган икки нафар яҳудий агенти Истанбулда қўлга тушганди.