25.01.2025 06:00
Тошкентда янги қурилган масжид бузилди: шаҳар бедарвозами?
Аслида аҳолисининг 96 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ҳар қадамда масжид бўлиши, бирор зарурат юзасидан кўчада юрган ватандошлар намоз ўқишда бирор муаммога дуч келмаслиги керак. Масалан, Истанбулда мусулмонлар учун худди шундай шароит мавжуд. Афсуски мамлакатимиз, шу жумладан, пойтахт Тошкент ҳақида бундай дея олмаймиз. Ўрислар босиб олганидан сўнг кўҳна Шошдаги қанчадан-қанча масжид-у мадрасалар вайронага айлантирилгани рост. Бироқ бугун ҳам аҳолисига нисбатан намозхоналари кам бўлган пойтахтимиздаги бирор масжиднинг бузилишини ҳазм қилиб бўлмайди.
Мана бир мисол, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Генерал Узоқов кўчасида ҳашар йўли билан бунёд этилган Имом Бухорий номидаги масжид бузиб ташланди. Paradigma нашрининг хабар беришича, мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролар ҳолат бўйича судга мурожаат қилган. Бироқ негадир суд 29 январга қолдирилган.
Жонкуяр мурожаатчиларга кўра, шу атрофда истиқомат қилувчи аҳоли тугул, кунора намозгоҳга чиқиб, дардини Яратганга айтадиган қарияларни ҳам писанд қилмаган валломатлар масжидбузарликни 2024 йилнинг ноябрида бошлаган. Ҳаттоки улар масжиддагиларга ҳужжат кўрсатишни ҳам ўзига эп кўрмаган. Мусулмонлар диёрида ҳеч нарсадан ҳайиқмай мусулмонларнинг муқаддас минорларини бузаётганлар Худога ҳам хуш келмайдиган бу ишларига қаршилик қилганларни ҳатто қўрқитишгача боришган...
"Улар масжидни бузиш учун бирор асосли ҳужжат кўрсатишмади: 27 ноябрдан 13 декабргача халқ тилида айтганда ваҳшийларча масжидни вайрон қилиб, ундаги нарсаларни талон-тарож қилиб, ташмалаб кетишди. Ёши катталарнинг ҳам гап-сўзларига қулоқ солишмади", дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Мурожаатчиларнинг сўзларини тинглаган ҳар бир закий инсон бу ишнинг ортида албатта қайсидир кўринмас "узун қўл" турмаганмикин деб ўйлай бошлайди. Ким бўлганида ҳам, ҳе йўқ, бе йўқ буюк бобомиз Имом Бухорий номидаги муқаддас масканни топташга жазм қилаётганлар шу халқнинг фарзандимикин?! Қайсидир сионист ёки даҳрийнинг авлоди бўлганида ҳам унга мусулмонларнинг муқаддас гўшаларини топташга ким ҳуқуқ берди? Орада сарсон бўлаётган аҳоли чўнтагидан унинг қадр қимматини, ҳуқуқларини ҳимоя қиламан деб миллионлаб пулни маош сифатида олаётган масъуллар қаёққа қараяпти? Наҳотки шундай катта шаҳарнинг дарвозаси бўлмаса?!
Яхшилаб ўйлаб кўрилса, бугун қандайдир баҳоналар билан Ўзбекистондаги яроқли масжидларни бузадиган аҳволда эмасмиз. Инсон қадри устун бўлган ҳар қандай жамиятда эътиқод эркинлиги таъминланиши жоиз. Шу билан бирга мусулмонларнинг ўз ибодатларини қийналмай адо этиши учун шароит яратиб бериш ҳукуматнинг вазифасидир.
Юқорида бежизга Туркиядаги вазиятга назар ташламадик. Туркия Статистика институти маълумотларига кўра, мамлакатнинг биргина Кастамону вилоятида ҳар 145 кишига битта масжид (жами – 2605 та) тўғри келмоқда. Самсунда эса 497 кишига битта, жами 2751 та масжид мавжуд. Коняда ҳар 705 кишига битта, жами 3255 та масжид бор. Қизиқ томони, бутун Ўзбекистон бўйича масжидлар сони, Masjid.uz маълумотларига суянадиган бўлсак 2043 тани ташкил этмоқда. Бундан аҳолисининг аксар қисми мусулмон бўлган Ўзбекистондаги масжидлар сони Туркия вилоятларидаги масжидларга таққослаганда ҳам камлиги маълум бўлади. Энди айтинг, бугун баъзи валломатларнинг туппа тузук ишлаб турган масжидларни бузиши қанчалик тўғри?