10.12.2024 17:57
902
Суриядаги урушда қатнашаётган ўзбекистонлик қидирувга берилди
Суриянинг Идлиб шаҳридан туриб ижтимоий тармоқларда вазиятни ёритиб бораётган ўзбекистонлик эркак қидирувда экани маълум қилинди. Ички ишлар вазирлиги унга нисбатан Конституциявий тузумга тажовуз қилиш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш ва бошқа айбловлар билан жиноий иш очилгани, у юритаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқланганини билдирди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Абу Валид тахаллуси билан фаолият юритувчи Нуриддинов Худоёр Бахтиёр ўғли 1994 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган.
Унга нисбатан ДХХ томонидан «террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш ёки ҳаракатланиш» (ЖК 155-2-модда), «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш» (ЖК 159-моддаси), «қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш» (ЖК 223-моддаси) ва «тақиқланган ташкилотлар тузиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, иштирок этиш» (ЖК 244-2-модда) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
«Х.Н. 2016 йилда Россияга меҳнат муҳожири сифатида бориб, у ерда халқаро террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Суриянинг Идлиб шаҳрига кетган. У ердан туриб олиб борган тарғибот ишлари оқибатида бир қанча юртдошларимиз жангларда иштирок этиб ҳалок бўлган. Айни вақтда Х.Н. ижтимоий тармоқлар ва YouTube видеохостинги орқали ўзининг жиноий қилмишларига диний тус бериб, жиҳодга чорловларни давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.
Вазирлик у юритаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқлангани, уларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилган.