Сурияда террорчилар сафида жанг қилиб, жароҳат олган ўзбекистонлик 6 йилга қамалди
Сурияда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафида жанг қилиб, жароҳатланган, сўнгра даволаниш учун қўшни давлатга ўтганида қўлга тушган 24 ёшли Д. Раимов февраль ойи охирида Ўзбекистонга депорт қилинган эди. ЎзАнинг хабар қилишича, у 6 йилга қамалди.
Маълум қилинишича,
2000 йилда Жиззах вилоятида туғилган йигит интернетда Абдуллоҳ Зуфар,
Содиқ Самарқандийнинг аудио, видеомаърузаларини тинглаб, томоша жараёнида
Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзоси билан
танишган.
Сўнг Туркия орқали Сурияга ўтган ва «Тавҳид ва жиҳод катибаси»
террористик ташкилоти аъзолари сафида ғоявий ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
Сурия ҳукумати кучлари томонидан ўтказилган ҳарбий амалиётларда жиддий жароҳат олган. Соғлиғи тикланганидан кейин террористик
ташкилотнинг хўжалик ишларига жалб этилган.
У 2023 йилнинг декабрь ойида даволаниш учун Суриядан қўшни
давлатга ўтган вақтида қўлга олингач, Ўзбекистонга депорт қилинган. Йигитга нисбатан Ўзбекистон Жиноят
кодексининг 155-2
(Террорчилик фаолияти учун ўқувдан чиқиш) ҳамда 244-2
(Диний экстремистик ташкилотлар тузиш, уларда қатнашиш) моддалари билан жиноий иш
қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман судида мазкур жиноят иши
кўриб чиқилиб, Д. Раимовга нисбатан тегишли моддаларга асосан 6 йил муддатга
озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.