24.01.2024 17:46

Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи: асосий маълумотлар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 январь куни давлат ташрифи билан Хитойга борди. Ташриф давомида муҳим учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Azon Global ушбу ташрифнинг энг муҳим жиҳатларини қисқача тарзда эътиборингизга ҳавола этади.

23 декабрь

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.

Давлат раҳбарини “Шоуду” халқаро аэропортида ХХР маданият ва туризм вазири Сунь Ели ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

24 январь

Шавкат Мирзиёев ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан учрашди. Учрашувда Иинфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси раиси Чжао Лэцзи билан ҳам учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Давлат раҳбари Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонига ташриф буюриб, Халқ қаҳрамонлари ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди, XIX-XX асарларда Хитой мустақиллиги ва озодлиги йўлида қурбон бўлганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ўзбекистон президенти Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бош қароргоҳига ташриф буюриб, банк президенти Цзинь Лицюнь билан музокара ўтказди. Давлат раҳбари стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

Хитойнинг CNPC нефть-газ корпорацияси раиси Дай Хоулян билан учрашувда Ўзбекистонда ерости газ сақлаш сиғимларини барпо этиш ва газ етказиш тизимларини модернизация қилиш, замонавий бурғилаш технологияларини жорий қилиш ва нефть-газ тармоғи учун мутахассислар тайёрлаш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хитой Экспорт-импорт банки раиси Ву Фулин билан учрашувда эса Банкнинг Тошкент шаҳрида минтақавий офис очиш ҳамда транспорт ва ижтимоий инфратузилма, саноат ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича янги истиқболли лойиҳаларни шакллантириш борасидаги режалари кўриб чиқилди.

Пекин шаҳри Тяньаньмэнь майдонидаги Халқ йиғинлари уйида Ўзбекистон президентти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортди. ХХР раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни кутиб олди.

Кутиб олиш маросимидан сўнг 24 январь куни Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Учрашувда:

·         “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди;

·         таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди;

·         “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди;

·         Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпин “ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш” ва бошқалар кўзда тутилган Қўшма баёнотни имзолади.

Етакчилар ҳузурида имзоланган ҳужжатлар:

– Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Таълим вазирлиги ўртасида хитой тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хитой Божхона бош бошқармаси ўртасида Ўзбекистондан Хитойга нўхат экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Хитой Ислоҳотлар ва ривожланиш давлат қўмитаси ўртасида Хитой – Марказий Осиё – Европа темир йўл экспресслари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Хитой Тижорат вазирлиги ўртасида янги электр транспорт воситалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Хитой Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ масалалари вазирлиги ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида аҳдлашув баённомаси;

– Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Фан ва технологиялар вазирлиги ўртасида илмий-техник ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида ҳамкорлик баённомаси;

– Ўзбекистон Техник тартибга солиш агентлиги ва Хитой Стандартлаштириш маъмурияти ўртасида стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида “Ҳаво ипак йўли”ни биргаликда барпо этиш тўғрисида келишув;

– Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Хитой Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида 2024-2026 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик режаси;

– Тошкент вилояти ва Шэньси музофоти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Самарқанд ва Циндао шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим ва бошқалар.

Ўзбекистон-Хитой муносабатлари бўйича муҳим маълумотлар

2023 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди.

Бу кўрсаткични шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди.

Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистонда Хитойнинг “Лу Бань устахонаси” профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланди. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.