Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 26 июнь куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув аввалида Гюлер Мирзиёевга Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
"Анқара шаҳрига 5-6 июнь кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Мавзуга алоқадор