Шавкат Мирзиёев Шушадаги ТДТ норасмий саммитида қатнашади
Ўзбекистон
президенти Шавкат Мирзиёев 5−6 июль кунлари амалий ташриф билан Озарбайжонда
бўлади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат
Мирзиёев Арманистон ишғолидан озод қилинган Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган
Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига
қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш» мавзусидаги норасмий
саммитида иштирок этади.
Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало,
савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида,
шунингдек, «яшил» иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига
қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш
масалалари муҳокама қилинади, дейилади хабарда.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга
молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқади. Тадбир якунида қатор қўшма
ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Haber
Global репортажида ушбу
норасмий саммитда Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар ҳам илк
бор кузатувчи давлат раҳбари сифатида иштирок этиши маълум қилинди.
Туркия
президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса Шуша сафарини бекор қилиб, Туркия ва
Голландия терма жамоалари ўртасидаги футбол бўйича Европа чемпионати 1/4 финал
учрашуви учун Германияга борадиган бўлди. Бу ҳақда NTV телеканали манбаларга таяниб хабар қилди.