03.02.2025 13:24

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Малайзияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4–5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлади. Президент матбуот хизмати хабар беришича, ташриф давомида Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар ўтказилади. Шунингдек, қўшма бизнес форуми ва бошқа муҳим тадбирлар режалаштирилган.

Учрашувларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва технологик соҳаларда алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, нефть-кимё, электроника, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Президентлар халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилишади. Ташриф якунида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги шерикликни ривожлантиришга қаратилган қўшма баёнот ва бир қатор битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Ташриф арафасида Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, олий таълим муассасалари ректорлари форуми ва таҳлил марказлари иштирокидаги учрашувлар ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил 17–19 май кунлари Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.